Янги ўқув йилида 587 минг нафар биринчи синф ўқувчиси Президент совғасини олади

Янги ўқув йилида 587 минг нафар биринчи синф ўқувчиси Президент совғасини олади

Янги ўқув йилида Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларининг 1-синфига 587 минг нафар ўқувчи қабул қилинади. Айни пайтда улар учун 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари тайёрланиб, таълим даргоҳларига етказилди. Мазкур совғалар Билимлар кунида болаларга тантанали топширилади, деб ёзади ЎзА. 

Шунингдек, бошланғич синф ўқитувчилари учун илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида 7 номдаги услубий қўлланма, мультимедиали дастурлар тайёрланди. Натижада умумтаълим мактабларининг 1-синфларида фанлар тўлиқ илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида ўқитилиши йўлга қўйилади. Мазкур жараён босқичма-босқич барча синфларда давом эттирилади. 

Ўзбекистон раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жорий йилда 1-синфлар учун 553 минг нусха инглиз («Kid's Еnglish»), 21 минг нусха немис («Deutsch Мacht Spab»), 17 минг нусха француз («Hirondelle») тиллари дарсликлари қайта нашр этилди. 2-синф ўқувчилари учун 591 минг нусха чет тили дарсликлари ва ўқитувчилар учун 22 минг нусха услубий қўлланмалар чоп қилинди. Улар ўқувчи китоби, ўқитувчи учун қўлланма ва мультимедиали иловалар (DVD-диск)дан иборат.

Умуман олганда эса, бу йил ҳам янги ўқув йили учун қизғин тайёргарлик кўрилди. Жумладан, инвестиция дастурига мувофиқ 381 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан спорт иншоотлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ҳамда реконструкция қилишга 209,1 миллиард сўм сарфланди. Таълим даргоҳларини мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, спорт анжомлари билан жиҳозлаш ишлари изчил давом этмоқда. Янги ўқув йили учун 605 номдаги 34,5 миллион нусха дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар чоп этилиб, жойларга етказилди. 

Шу билан бирга, “Соғлом бола йили” давлат дастурига мувофиқ мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болаларни мактабга тайёрлаш сифати ва ходимларнинг касб маҳоратини оширишга қаратилган 2015-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ишлаб чиқилди. Мактабгача таълимга қамраб олинмаган болаларнинг ота-оналари учун “Болажон” таянч дастури асосида “Нутқ ўстириш, ўқиш ва саводга тайёрлаш”, “Математик тасаввурларни шакллантириш”, “Соғлом танда – соғ ақл” каби беш номдаги қўлланмалар тайёрланди. Мазкур адабиётлар мактаб кутубхоналари орқали ота-оналарга тарқатилади. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.