«Тез ёрдам» хизматидаги реанимобиллар сони очиқланди

Фото: ССВ матбуот хизмати

Жаҳон тажрибасида тез тиббий ёрдам хизматидаги автотранспорт воситаларидан фойдаланиш муддати ўртача 5-8 йилни ташкил этади. Юртимизда ҳам 8 йилдан ошган ана шундай автомашиналарни янгилаш белгиланган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати ёзмоқда.

Хусусан, Cоғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “103” хизматида эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чоралари кўриляпти.

«Айтиш керак, бундан 6-7 йил аввал «Тез ёрдам»да жами 1868 та автомашина бор эди. 2024 йилнинг айни даврига келиб эса 3122 та автотранспорт воситаси аҳолига сифатли хизмат кўрсатяпти», – дейилади хабарда.

Жумладан, 2021 йил «103»да «B» тоифали 435 та реанимобил бўлган бўлса, бугун бундай автоуловлар сони 577 тани ташкил этмоқда.

Уларнинг:

227 таси «Ford»;

216 таси «Hyundai»;

46 таси «Toyota»;

88 таси «Nissan» каби замонавий автотранспорт воситаларидир.

«Мазкур автомашиналарнинг қулайлиги шундаки, уларда тезкор реанимация ва йўл-йўлакай жарроҳлик амалиёти ўтказиш имкони мавжуд. Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган ушбу автоуловлар халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий бригада ходимларининг қулай жойлашиши имконини беради», – дейилган.

Маълумот ўрнида ўтган 2023 йил Республика тез тиббий ёрдам маркази автопарки 685 та, жорий йил февраль ва март ойларида яна 100 та А тоифали “Volkswagen Caddy” автоуловлари билан бойиди. Натижада бугунга келиб, тизимда бундай автотранспорт воситалари сони 800 дан ошди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.