“Тез ёрдам” хизматидаги реанимобиллар сони очиқланди
Жаҳон тажрибасида тез тиббий ёрдам хизматидаги автотранспорт воситаларидан фойдаланиш муддати ўртача 5-8 йилни ташкил этади. Юртимизда ҳам 8 йилдан ошган ана шундай автомашиналарни янгилаш белгиланган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати ёзмоқда.
Хусусан, Cоғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “103” хизматида эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чоралари кўриляпти.
“Айтиш керак, бундан 6-7 йил аввал “Тез ёрдам”да жами 1868 та автомашина бор эди. 2024 йилнинг айни даврига келиб эса 3122 та автотранспорт воситаси аҳолига сифатли хизмат кўрсатяпти”, – дейилади хабарда.
Жумладан, 2021 йил “103”да “B” тоифали 435 та реанимобил бўлган бўлса, бугун бундай автоуловлар сони 577 тани ташкил этмоқда.
Уларнинг:
227 таси “Ford”;
216 таси “Hyundai”;
46 таси “Toyota”;
88 таси “Nissan” каби замонавий автотранспорт воситаларидир.
“Мазкур автомашиналарнинг қулайлиги шундаки, уларда тезкор реанимация ва йўл-йўлакай жарроҳлик амалиёти ўтказиш имкони мавжуд. Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган ушбу автоуловлар халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий бригада ходимларининг қулай жойлашиши имконини беради”, – дейилган.
Маълумот ўрнида ўтган 2023 йил Республика тез тиббий ёрдам маркази автопарки 685 та, жорий йил февраль ва март ойларида яна 100 та А тоифали “Volkswagen Caddy” автоуловлари билан бойиди. Натижада бугунга келиб, тизимда бундай автотранспорт воситалари сони 800 дан ошди.
Шарҳлар