«Тез ёрдам»га энг кўп ёлғон чақириқ Бухорода кузатилган, энг камичи

Фото: ССВ матбуот хизмати

Тез тиббий ёрдам хизмати сифати, энг аввало, «103» бригадаларининг чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бориши билан белгиланади. Бироқ, баъзан тиббий бригада ёрдамга муҳтож беморлар олдига ўз вақтида етиб бора олмаган ҳолатлар кузатилади. Бунга эса кўпинча фуқаролар томонидан бўладиган ёлғон чақириқлар сабаб бўлади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати ёзмоқда.

«2024 йилнинг дастлабки 3 ойида “103” хизматига жами 686 та ёлғон чақириқ келиб тушди», — деган Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров. «Таққослаш учун айтсак, мазкур кўрсаткич 2023 йилнинг айни шу даврида 893 тани ташкил этган», – дейилади хабарда.

Тўғри, йилдан йилга бу каби мурожаатлар сони камайиб бормоқда. Бироқ гап инсон саломатлиги ҳақида кетар экан уларнинг биттаси ҳам кўп.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2024 йилнинг январь-март ойларида энг кўп ёлғон чақириқ Бухоро вилоятида кузатилиб, бу рақам 137 тани ташкил этди. Кейинги ўринда Тошкент шаҳри қайд этилди — 133 та. Шунингдек, Қашқадарё вилоятидан 110 та, Андижон вилоятидан 58 та ва Фарғона вилоятидан 57 та ана шундай мурожаат келиб тушган.

Энг кам ёлғон чақириқ Сирдарё вилоятида рўйхатга олинди — атиги 1 та!

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.