Табиатдан қувват олинг

Табиатдан қувват олинг

 Ёхуд бир-бирини тўлдирувчи қувват манбалари ҳақида нималарни биласиз?
 
Қадим табобатнинг барча намоёндалари узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришнинг сирлари – инсон табиат унсурларидан нечоғлик тўлиқ фойдалана олишида, дея ҳисоблайдилар. Айнан табиатдан қувват олишнинг энг асосий йўли – ароматерапия усули ҳисобланаркан. Турли эфир мойларидан ўз ўрнида фойдалана билиш эса ароматерапиянинг бош мезонидир.
Саломатликнинг олтин қоидалари билан сизларни таништиришда давом этамиз. Табиатнинг шоҳ асари бўлмиш инсон бутун умри мобайнида табиатга интилиб, ундан баҳра олиб яшаш билан бир қаторда табиатдан қувват ҳам олади. Хоҳ у шамол, хоҳ у қуёш ҳарорати бўлсин, албатта инсон танасига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Хуллас қувватлар мажмуининг инсонга таъсири каби масалалар бугунги мақоламизнинг асосий мавзусига айланади.
 
ШАМОЛ ҚУВВАТИ
Йўғ-э, шамолдан қувват олиб бўлармиди, дейсизми? Агар шундай ўйлаётган бўлсангиз, қаттиқ янглишасиз. Чунки танага шамол қуввати етишмаса, шлаклар ишлаб чиқариш ёмонлашади, яъни кераксиз моддалар танадан чиқиб кетолмайди. Тонус йўқолади, чарчоқ тўпланиб қолади. Бу эса ўз-ўзидан ички мувозанатнинг бузилишига олиб келади. Киши руҳиятида депрессия пайдо бўлиб, хавотирлик ҳисси кучаяди. Шамол қувватининг етишмаслигида гайморит, зиққинафас, атеросклероз каби касалликлар авж олади. Ароматерапия ёрдамида мувоанатни тиклаш учун апельсин, мандарин, лимон, грейпфрут каби цитрус мевалари эфир мойидан фойдаланиш лозим. Шунингдек, эвкалипт ҳамда ялпиз мойида ҳам шамол қувватини тиклаш хусусияти мавжуд.
Ароматерапия муолажаси ўтказиш учун 1 пиёла сувга 5-6 томчи эфир мойи қўшиб, лампага томизилади.
Шамол қуввати – ўсиш ва янгиланишга ёрдам беради. Қувват етарли бўлганда организмда қариш жараёни секинлашади.
 
ИЛИҚЛИК ҚУВВАТИ
Илиқлик пайдо бўлиши учун албатта шамол қуввати керак бўлади. Чунки шамол илиқлик пайдо бўлишига туртки берувчи воситадир. Илиқлик бор жойда албатта ҳаёт ҳарорати сезила бошлайди. Гўё баҳор келиб олам яшилликка буркангани каби илиқлик ҳарорати инсоният учун жуда муҳим. Илиқлик ҳарорати инсон организмида ичакларда ишлаб чиқарилади. Айнан шу қувват етишмаганда биринчи навбатда ошқозон-ичак тизими зарар кўради. Яъни ўн икки бармоқли ичакда яра пайдо бўлиши, ички аъзоларда тошлар пайдо бўлиши, мушаклар фаолиятининг сусайиши, қалқонсимон без функциясида бузилишлар юзага келади, инсульт, инфаркт рўй бериши эҳтимоли кучади. Илиқлик қуввати инсон руҳиятида қувонч, шодликда акс этади. Шу ўринда кўпгина халқларда мавжуд бўлган «кулган киши қаримас» деган нақлнинг бежизга айтилмаганини эслаб ўтиш кифоя. Демак, асрлар давомида ўз исботини топган ҳақиқат аён – ҳаётдан завқланиб яшаган киши асло касал бўлмайди.
Узоқ вақт давомида танага илиқлик қуввати етишмаганда иммунитет пасайиб, киши тез-тез шамоллайдиган бўлиб қолади.
Танага етишмаётган илиқлик қувватини тиклашга чой дарахти, арча, пихта, розмарин, можжевильник, кедр, мелисса, камфара мойи ёрдам беради.
 
ЖАЗИРАМА ҚУВВАТИ
Қувватлар ичида энг кўп тарқалган ва ниҳоятда зарурий, шунингдек барчасини бирлаштириб турувчи асосий куч жазирама қувватидир. У инсон бош ва орқа мия фаолиятини бошқаради. Руҳиятдаги қониқиш ҳисси айнан жазирама қувватига боғлиқ бўлиб, ҳар қандай гўзалликдан баҳра олишни, кўтаринки кайфиятни сақлаб туришни таъминлайди.
Нерол, жасмин, иланг-иланг каби эфир мойлари қўшилган хушбўй ванна қабул қилиш ёки уларни танага уқалаб суртиш нафақат жинсий ҳаёт лаззатини оширибгина қолмай, балки етишмаётган қувват ўрнини тўлдиради.
 
НАМЛИК ҚУВВАТИ
Ушбу қувват танани намлантириб туради. Барча тўқималарнинг зарурий тўйинтирувчи моддалар билан озиқланишида муҳим роль ўйнайди. Руҳиятда узоқни кўра билиш, етти ўлчаб бир кесиш, ўйчанлик каби хислатларни шакллантиради.
Агар инсон танасида намлик қуввати етишмаса, у калта ўйлайдиган ёки енгилтабиат бўлиб қолади. Шунингдек, ошқозон-ичак фаолияти нотўғри ишлайди, уйқу нотинч бўлади. Қорин дам бўлиши, ич қотиши, талоқ фаолиятида ўзгаришлар юз бериши мумкин. Бу ҳолатда шивит, анис, имбир ёғлари ёрдамга келади.
Агар ёш боланинг уйқуси нотинч бўлса, кечаси бесабаб йиғласа, ёстиғи бурчагига анис ёғидан икки томчи томизиш лозим.
 
ҚУРУҚЛИК ВА СОВУҚЛИК ҚУВВАТИ
Инсон танасида бу қувватлар етишмаса иссиқлик ва жазирама қуввати йиғилиб қолади ва мувозанат бузилиши натижасида турли қон кетишлар юз бериши мумкин.   Шунингдек, аллергик касалликлар хуруж қилиб, қоннинг ивиш жараёни секинлашади. Руҳиятда бу миянинг тормозланиши, фикрни бир жойга жамлай олмаслик каби ҳолатларда акс этади.
Ароматерапия усулидан фойдаланганда асосан шалфей мойи яхши натижа беради. Шунингдек, кипарис мойи билан танани уқалаш фойдадан холи бўлмайди.
Турли эфир мойларидан фойдаланишда мутахассис маслаҳатига амал қилиш лозим. Чунки ҳар қандай хушбўй ифор турли кишиларда бошқа-бошқа ҳис-туйғуларни уйғотиши мумкин

Манбаалар асосида Дилфуза ЖАРБЕКОВА тайёрлади.
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.