Табиат ҳодисалари ва инсон саломатлиги
Инсон ҳаётининг табиат билан узвий боғлиқлиги бир неча асрлар олдин ўз исботини топган ҳақиқатдир. Табиатдаги ҳар бир ҳодиса, воқеа ва жараёнлар инсон ҳаётига бевосита таъсир ўтказмай қолмайди. Биргина метеобоғлиқлик бўйича ҳам бир неча мисоллар келтириш мумкин.
Табиатнинг ноёб ҳодисаларидан бири бўлган Қуёш ёки Ой тутилиши ҳам қайсидир маънода инсон жисмида акс этади ва бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқаради.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, қуёш тутилиши кўпроқ ижтимоий ҳодисаларга таъсир ўтказса, ой тутилиши инсоннинг ички дунёсига таъсир қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, тутилиш вақтида йўл-транспорт ҳалокатлари кўпаяди, келишмовчилик, ажралишлар сони ортади. Шундай бўлсада, тутилишнинг салбий таъсирини бартараф этиш имконини берувчи махсус амаллар мавжуд. Қадимда одамлар бу кунларни кутиб, унга алоҳида тайёрланишган, чунки улар ушбу кунлар инсон тақдирини ўзгартиришига қаттиқ ишонишган.
Ҳар қандай тутилиш олдидан таомномадан гўшт маҳсулотлар, ёнғоқ ва писталарни чиқариб ташланг. Тутилишдан бир ҳафта олдин фикрларингизни бир жойга тўплаб, бўлган воқеалардан хулоса чиқариб, кунларингизни хотиржам ва яхши ўтказинг. Бу вақтда зарарли одатлардан, касалликлардан, эски, умрини ўтаб бўлган муносабатлардан, салбий ҳиссиётлардан, қўрқувдан қутилишингиз мумкин.
Тутилишгача бўлган уч кун ичида эрталаб ва кечқурун 10 дақиқа давомида иссиқ-совуқ душ (аёллар сув қуйишни иссиқ сув билан бошлаб тугатса, эркаклар совуқ сув билан бошлаб тугатишлари керак) қабул қилинг.
Тутилишдан бир соат олдин бир стакан булоқ суви ичиб, нимадан қутилмоқчи эканингизни обдон ўйлаб кўринг. Тутилишдан ўн дақиқа олдин эса, кўзгуга қараб, кўзларингизни юминг ва хаёлдаги кўзгуда ўзингизни тасаввур қилинг. Барча салбий хислатлар (касалликлар)ни ўзингизда эмас, балки кўзгудаги тасвирда деб тасаввур қилинг. Тасвир аста-секин кўзгу тубига чўкиб, узоқ-узоқларда йўқолиб кетаётганини хаёлан кўринг. Шу тариқа хаёлан барча хавотир ва нохушликлардан қутилинг.
Худди шу удумни шам ёруғида бажариш мумкин. Фақат бунда шам алангаси учинчи кўз (икки қош ўртасидаги нуқта) билан тенг даражада турсин. Фикрни бир жойга тўплаб, нимадан қутилмоқчи эканлигингизни тасаввур қилинг. Тутилишнинг ҳар бир дақиқасида барча нохушликлар шам алангасида ёниб кетаётгандек тасаввур қилинг.
Дарҳақиқат, инсон физиологиясининг ўзи бир мўъжиза бўлса, унинг қалби, руҳий дунёси ва, албатта, яратувчанлиги ҳамда бунёдкорлик қобилияти яна бир қудратдир. Ана шу қудратни сақлаб қолиши учун эса у албатта жисмонан соғлом бўлиши шарт.
Дилфуза ЖАРБЕКОВА
Шарҳлар