Вилоят ҳокимлиги қўйган нано-ғишт

Вилоят ҳокимлиги қўйган нано-ғишт

Биз чучук сувли улкан денгиз соҳилида яшаяпмиз, бизнинг ҳудудимизда дунёдаги энг йирик кўллар жойлашган. Шу боис сувимиз шу даражада кўпки, уни ҳаммага тарқатяпмиз, яна қўшниларгаям қоляпти. Жаҳон инқирози юз берганида, бутун дунё ҳамжамияти бизнинг сувимизга умид кўзи билан қарайди.

Йўқ, ундаймасми? Бўлмаса қандай? Сув етишмаяпти, дейсизми? Ичимлик сувими? Ҳар бир томчисини тежашга тўғри келяптими? Болаларни кранни маҳкам ёпишга ўргатиш керакми?

Дўрмон қўрғони ёнида эса ичимлик суви беш йилдан буён ёрилган қувур орқали шунчаки оқиб кетмоқда. Бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Яқинда шу жойдан бир ҳушёр инсон ўтганди, энди унинг иши фақат шу билан бўлиб қолди. У қувур устидан ошиб ўтиб, ҳаммасини диққат билан кўздан кечиради ва суратга туширади, кейин эса сувнинг ҳар бир томчиси асраладиган ушбу ҳудудда йўл қўйилаётган исрофгарчиликдан ҳайрон қолади. Ҳушёр инсон бу ҳақда Ягона интерфаол давлат хизматлари (ЯИДХ) сайтида шикоят қолдиради. Унда ичимлик суви сизиб чиқаётган ёриқни топгани, канал эса эски чиқиндиларга тўлиб кетгани, тез орада улар ҳамма жойга тарқалиб кетишини таъкидлайди.   

ЯИДХ шикоятни олиб қолиб,  керакли жойга жўнатади. “Керакли жой” ҳаммасини ўқиб чиқади, бошини сарак-сарак қилади, қошларини чимириб, тузатишни буюради. Шундан сўнг сайтда “Бажарилди!” деган оптимистик рухдаги ёзув пайдо бўлади.

Ҳушёр одам хурсанд, аммо буни текшириб кўришга қарор қилади. Мана, у эски жойга қайтиб келди, қувурнинг устида эса… ғишт турибди. У ўз кўзларига ишонмайди. Қувурнинг устидан яна ошиб ўтиб, ғиштни диққат билан кўздан кечиради, секингина ушлаб кўради, балки бу қандайдир бир нано-ғиштдир ёки фанга номаълум технология ёки муҳандислик тафаккурининг мевасидир? Ахир, масъул кишилар шунчаки ерда ётган ғиштни олиши ва у билан тешикни ёпиши, кейин эса қувурни тузатдик деб маълум қилиши мумкин эмас-ку?  Иккита бригада техникани олиб келди, хорижлик ҳамкасблар билан маслаҳатлашилди. Шундай бўлиши ҳам мумкин экан.

Сув олдингидай ғиштнинг остидан Қорасувга оқиб тушмоқда, фақат энди жилдираб эмас, фаввора кўринишида. Унда канал ичидаги бор эски чиқиндининг аксини, камалакнинг етти рангда товланишини кўрса бўлади. Жуда гўзал манзара.

Ва катта виждонсизлик. Ҳокимлар ўзига бўйсунувчи идораларни бевосита бошқариши керак эмаслигини тушунамиз. Улар ҳар бир тешикни ёки чуқурни текширишга мажбур эмас. Аммо штатда мана шундай бемаъни ва кулгули тарзда панд берадиган кишиларни сақлаб туриш-чи…

Бу очиқ масала. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.