Абитуриент – 2014: М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиали (фото)

Абитуриент – 2014: М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиали (фото)

Мамлакатдаги бошқа олий ўқув юртлари каби М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиали ҳам абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишни бошлади. Ушбу ОЎЮ шуниси билан фарқ қиладики, унда имтиҳонлар Ўзбекистондаги бошқа ОЎЮларидан 20 кун олдин бошланади, бунинг устига ҳужжатларнинг асл нусхасини эмас, балки нусхаларини тақдим этиш мумкин.


 
М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиалига ўқишга кириш учун ҳужжатларни биринчи бўлиб абитуриент Одинахон Файзизода топширди. У пойтахтга Ўзбекистоннинг жанубий чегараларидан – Термиздан келган. Одинахон руҳшунос бўлишни орзу қилмоқда. Яна МДУ Филиалида имтиҳонларнинг 20 кун олдин бошланиши ва ҳужжатларнинг асл нусхаси ўрнига уларнинг нусхаларини тақдим этиш имконияти ҳам унга тўғри келган.


 
Мана бу дастлабки иккита абитуриентга эсдалик совғалари – Филиал логотипи туширилган кружкалар тақдим этилди. Совғаларни ОЎЮ жамоаси номидан Филиал Қабул комиссияси раисининг ўринбосари, умумий гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар кафедрасининг мудири Абдуҳаким Бозорович Маманазаров топширди.
 
Ҳужжатларни қабул қилишнинг биринчи кунидаёқ тушликкача ўндан зиёд абитуриент ўқишга ҳужжат топширишга улгурди. Самарқандлик Шербек Жавканов ва янгийўллик Ирода Мазаитовалар бир вақтнинг ўзида иккита факультетга – амалий математика ва информатика ҳамда руҳшунослик факультетларига ўқишга киришга қарор қилган. Филиалда бунга ҳам рухсат этилади.

Бу йил ҳам олдинги йиллардаги каби ўқишга кириш квотаси ҳар бир факультетга 40 та талабадан бўлиб, уларнинг 16 нафари грант бўйича, 24 нафари эса шартнома бўйича ўқийди.
 
Эслатиб ўтамиз, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги Филиали Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2006 йил 24 февралдаги Қарори билан ташкил этилган. Ўша йили сентябрь ойида пойтахт марказида энг илғор ускуналар билан жиҳозланган замонавий мажмуа барпо этилди. Мазкур бино Тошкентнинг кўркига айланди. Ҳозир бу ерда 356 та талаба таҳсил олади. ОЎЮни 316 киши тамомлаган.
 

Рустам Шагаев,
Anhor.uz учун махсус. Муаллиф фотосурати. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.