GM Uzbekistan: қош қўяман деб, яна кўз чиқаришди

GM Uzbekistan: қош қўяман деб

Ўзбекистон президентининг автомобилларни миллий валютада сотишни бошлаш ҳақидаги қарори Ўзбекистон фуқароларида илиқ умидларни туғдирганди. Бироқ узоқ кутилган ҳужжат ижросининг бошланиши автоишқибозларнинг хафсаласини пир қилди.

GM Uzbekistan ички бозорда ўз автомобилларининг нархини тахминан 30 фоизга оширгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларни норозилик оҳангидаги, баъзида эса ғазабнок шарҳлар босиб кетишига сабабчи бўлди.

Албатта, нархлар олдин ҳам 30 фоизга ошган, бироқ бу сафар аҳоли нархларнинг ошишини эмас, балки автомобилни харид қилишнинг енгиллаштирилишини кутганди. Бироқ ҳар доимгидай қош қўяман деб, қўз чиқариб қўйишди. Ҳозирча компания бу борада сукут сақламоқда, расмий изоҳ ҳали келишилмаган бўлиши мумкин.  

«Ҳурматли Lada, Hyundai, KIA дилерлари. Сизларни чин дилдан GM автомобилларининг нархи ошган кун билан табриклайман. Сизларга гуллаб-яшашни, етказиб бериш ҳажмларининг бир неча бараварга ошишини ва автомобилларга қўйиладиган божхона божларининг ошмаслигини тилаб қоламан. Шунингдек турли модификациядаги, рангдаги автомобиллар ва уларга эҳтиёт қисмларнинг барқарор етказиб берилишини ташкил этишингизни тилайман. Сервис хизмати билан муаммолар бўлмайди, деб ўйлайман.

«Фотосуратдаги каби “гўзаллар”, меъдага теккан ва нархи ақл бовар қилмас даражада ўзгариб турувчи унчалик замонавий бўлмаган автомобилларга муносиб рақиб бўлишига ҳамда капитал қўйилмалар ва қулай юриш учун ажойиб ликвид вариантга айланишига ишончим комил», – деб ёзади “Водители Ташкента” гуруҳининг иштирокчиларидан бири.

Ижтимоий тармоқларда истеҳзоли шарҳларнинг кети кўринмайди: “Дунё автосаноатлари – машиналарни олдиндан тўлов ўтказиш ва навбат билан сотишни биздан ўрганинглар. Мерседес ва BMW машина ишлаб чиқаришни билади, аммо биз каби сотишни билмайди. Ҳеч бўлмаганда, шуниси билан Европадан ўзиб кетдик”, – деб ёзади фойдаланувчилардан бошқаси.

«Энди автосалонларга пулни жомадонларда олиб боришади», — қайд этади яна бири. «1 млн сўм маош оладиган киши, ҳозирги курс бўйича Каптива сотиб олиш учун 17,5 йилдан кўпроқ ишлаши керак, агар нархлар ошиши ҳисобга олинадиган бўлса, бунга ярим умри кетса керак” – дея ғазабини сочади учинчиси.
 
«Автомобиль харид қилиш учун тўртта ишда ишлайман, шекилли», «Худога шукур, пул қаердан келгани ҳақида маълумотнома талаб қилишмаяпти. Харидорларнинг кўпчилиги расман 600 минг сўм ойлик олади» – бу шарҳларнинг айримлари холос.

Фойдаланувчиларнинг кўпчилиги миллий валютадаги нархлар Марказий банк курси бўйича долларга боғлаб қўйилганидан жуда норози. Энди автомобилларнинг нархи курс ўсишига қараб ошиб бораверади.

Яна шарҳлар: «Демак, нархлар ҳар ҳафтада қарийб 50 сўмга ошиб боради…буни камчилик билса керак… агар 6 ой навбат кутилса, унда машина олмосдан бўлиши аниқ», «Барибир долларга боғлашибди. Курс ҳар ҳафтада ошади, маош эса – йўқ», «Умуман, прайсдаги янги сатрга эътибор бердингларми! Доллар эквивалентида — бу агар доллар ошса, нархлар ҳам шунга яраша ошади дегани. Ақллиларни қаранг, бу ахлат учун шунча пул нега керак».
 
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигини тушуниш учун, машина тўлови амалга оширилганидан кейин уни дарҳол олишнинг деярли имкони йўқлигини билиш керак.

Бироқ юзага келган вазиятни ўзгартириш бўйича оқилона таклифлар ҳам бор. «Балки раҳбаримизга “растаможка”ни соддалаштириш ёки бу ерга бошқа ишлаб чиқарувчиларни киритишини сўраб жамоавий хат ёзармиз? Шунда GM халқни шила олмасди», — таклиф қилади фойдаланувчилардан бири.

«Бу завод ҳукуматнинг фаол қўллаб-қувватлови остида аввало ўз халқини автомобиллар билан таъминлаши керак. Агар шундай бўлмаса, бизга бу ерда унинг кераги йўқ! Ҳукумат жонли рақобатни яратиши ва мамлакатга Хёндэни ёки бошқаларни киритиши керак. Шунда иш жойлари, нормал нархлар, ҳам ичкарида, ҳам ташқарида жонлироқ савдо бўлади», — дейди бошқаси.
 
Фойдаланувчиларнинг бир қисми бундай нархлар билан Россияда ва хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларни кўзлаётганини қайд этади. Гуруҳ иштирокчиларидан бири «Капитаванинг ўрнига $25 мингга “растаможка”си билан янги Kia Sportage автомобилини кўз остимга олиб қўйдим”, деб ёзса, унга жавобан бошқаси “Сиз хавотир олманг, ҳозироқ “растаможка”ниям кўтариб қўйишади”, – деб ёзади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.