Кореялик шифокорлар Ўзбекистон аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказади

Кореялик шифокорлар Ўзбекистон аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказади

Шу йилнинг июнь ойи охиригача Корея Республикасининг Ин Ха Университети Госпиталининг 15 нафар вакилидан иборат шифокорлар гуруҳи Ўзбекистонда бўлиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказади. Бу ҳақда “Соғлом авлод учун” жамғармасининг матбуот хизмати маълум қилади.

Хусусан, 22-23 июнь кунлари кўрикдан ўтказиш ишлари Тошкент шаҳридаги “Соғлом авлод учун” жамғармасининг Тиббий-ижтимоий марказида, 25 июнь куни Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги “Ариран” пансионатида ҳамда 26-27 июнь кунлари Навоий шаҳри Халқаро аэропорти биносида олиб борилади.  
Кўрикдан ўтказиш ишларини юқори малакали нефролог, педиатр, офтальмолог, гастроэнтеролог, ортопед, нейрожарроҳ ва бошқа йўналиш шифокорлари ўтказади. Кўрикдан ўтган барча кишиларга шифокорлар томонидан тайинланган дори-дармонлар инсонпарварлик ёрдами сифатида беғараз топширилади.

Қайд этиб ўтамиз, “Соғлом авлод учун” халқаро ноҳукумат хайрия жамғармаси Жанубий Кореянинг Ин Ха Университети Госпитали билан 2011 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади.  

2013 йилда мазкур Госпитал мутахассислари томонидан Жамғарманинг Тиббий-ижтимоий базасида, “Ариран” қариялар уйи ва Навоий шаҳрида 800 дан ортиқ киши худди шундай тиббий кўрикдан ўтказилган эди. Бундан ташқари, 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ин Ха Университети Госпитали ва “Соғлом авлод учун” жамғармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам имзоланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.