Сардор Рахматуллаев: ЎФФнинг фаолияти шаффоф ва у шундайлигича қолмоқда

Сардор Рахматуллаев: ЎФФнинг фаолияти шаффоф ва у шундайлигича қолмоқда

Бу ҳақда 21 июнь куни Халқаро матбуот-клуби сессиясида Футбол федерациясининг бош котиби Сардор Раҳматуллаев қайд этди. Унинг сўзларига кўра, сентябрь ойида Тошкентда йирик жамоат-сайлов анжумани ўтказилади. Анжуман давомида Футбол федерациясининг янги таркибини сайлаш ҳамда 2020 йилга қадар миллий футболни ривожлантиришнинг янги концепциясини тасдиқлаш режалаштирилмоқда. Концепция лойиҳасини жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш кўзда тутилган.

С.Рахматуллаевнинг қайд этишича, раҳбарлар таркибида, профессионал футбол лигасида, мураббийлар штатининг фаолиятида ҳамда болалар-ўсмирлар футболини ривожлантиришда улкан ўзгаришлар амалга оширилиши кутилмоқда.

Биз шаффофлик ҳақида гапирган Сардор Раҳматуллаевнинг сўзларига ишонишга тайёр эдик, бироқ Ўзбекистон футбол федерациясининг сайтига кириб, қуйидагиларни кўрдик:

Биринчидан. “Пресс-релизлар” бўлими бўм-бўш.
Иккинчидан. «Ўзбекистон U-20 терма жамоаси» бўлимида икки йил олдинги таркиб акс эттирилган.
Учинчидан. «Ўзбекистон U-16 терма жамоаси» бўлимида ўйинчиларнинг номи кўрсатилмаган, унда кўрсатилган мураббий эса жамоа билан бир йил олдин ишлаган.
Тўртинчидан. «Футзал бўйича терма жамоа» бўлими бўм-бўш.
Бешинчидан. «Видеогалерея» бўлими 2013 йил май ойи санасида янгиланган, ундаги барча охирги видеолар фақат “Бунёдкор” клуби билан боғлиқ.
Олтинчидан. «Расмий ҳужжатлар» бўлимида ЎФФнинг Устави, Федерация раҳбарларини сайлаш жараёнини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар мавжуд эмас, ушбу бўлимдаги охирги ҳужжат – «Тасдиқланган ҳакамлар рўйхати» 2016 йил санаси билан турибди.
 
Матбуот хизмати сайтнинг муҳим бўлимларини янгилаб бормайдиган ташкилот Футболни ривожлантириш концепцияси ёки дастури каби жиддий ҳужжатни очиқ муҳокама қилишни исташига ёки бунга қодир эканига шубҳамиз бор. Дастур муддати 2020 йилгача экани ҳам кишини ҳайрон қолдиради. Уч йил футбол соҳасида мамлакат миқёсида жиддий мақсадларга эришиш ва жиддий режалаштириш учун жуда қисқа муддат. Бундан ташқари, ушбу муддат жаҳон чемпионатлари циклининг ўртасига тўғри келади. 2022 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон кубоги билан якунланадиган дастурни тузиш мантиққа тўғрироқ бўлмасмикин?
 
Қисқа қилиб айтганда, жамоатчилик ҳалигача кўрмаган ва фикримизча, ҳозир фақат федерация раҳбариятининг тасаввуридагина мавжуд бўлган концепция лойиҳаси ҳақиқатан ҳам очиқ муҳокамаларни талаб этиши шубҳасиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.