Гаражларнинг бузилиши, қиммат парковкалар ва кўча парковкаларининг “гунг хўжайинлари”
Шу йилнинг 1 июлидан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокимининг пойтахт ҳудудида автомототранспорт воситаларини сақлаш жойларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори кучга киради. Унга мувофиқ гаражларни бузиш ва уларнинг ўрнида автомобиллар турадиган замонавий парковкаларни қуриш кўзда тутилган.
Айтиш жоизки, 2013 йилда пойтахт ҳокимлиги гаражларни бузишга ва уларнинг ўрнида намунали машина турадиган жойларни қуришга уриниб кўрганди. 2013 йил апрель ойида пойтахт ҳокими 2014 йил охиригача 40 мингдан ортиқ гаражни бузиш ва уларнинг ўрнида замонавий автопарковкаларни барпо этишни кўзда тутувчи қарорни қабул қилганди. Унга кўра қурилиш ишларига тадбиркорларни жалб этиш режалаштирилган эди. Замонавий автомобиль турадиган жойлар биринчи навбатда гаражларнинг собиқ эгаларига берилиши керак эди. Бироқ парковкалар бузилган гаражлардан кўра қимматга тушарди.
2013 йил апрель ойида гараж қурилмаларини демонтаж қилиш ишлари бошланди ва уч ой ичида пойтахтда ўн мингдан ортиқ гараж бузиб ташланди. Аммо ушбу қарор одамларнинг қаттиқ ғазабини ва кўплаб суд даъволарини келтириб чиқаргани боис, кейинчалик у прокуратура томонидан бекор қилинди.
Шу ўринда аксарият бузилган гаражларнинг ўрнида замонавий парковкалар қурилмаганини айтиш адолатдан бўларди, ҳолбуки улар энди чиқинди тепаликларига айланиб кетганди.
Энди эса бу борадаги вазиятни яхшилашга қаратилган “янги” режа ишлаб чиқилди. Шу йил апрель ойида Тошкент шаҳар ҳокимлигида бирифинг ўтказилиб, унда жамоатчилик гараж қурилмаларининг ўрнида намунавий лойиҳалар асосида барпо этиладиган янги кўп ярусли автомобиль турадиган жойлар режаси билан таништирилди. Парковкаларни қуриш ишларига яна тадбиркорларни жалб этиш режалаштирилмоқда, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари эса уларни ободонлаштириш ишлари билан шуғулланади.
Ушбу янгилик тарқалиши билан, шаҳарликлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдира бошлади. Хусусан, Тошкент аҳолисининг бир қисми ҳокимиятнинг гаражларни бузиш ва автомобиль турадиган жойларни қуриш ташаббусини қўллаб-қувватламоқда.
Уларнинг фикрича, гаражлар аҳоли эҳтиёжлари учун мослаштирилиши мумкин бўлган майдонни эгаллаган, унда болалар майдончаларини қуриш, уни майсазорга айлантириш, дам олиш учун скамейкалар қўйиш мумкин.
Шу билан бирга аҳолининг айрим қисми, асосан гараж эгалари бу фикрга қўшилмаяпти. Улар бу қарордан яна ғазабда. «Уларни энди қандай асосда бузишмоқчи? Бу менинг шахсий мулким. Мен гаражни сотиб олганман, бунинг учун туман ҳокимлигидан рухсатнома олганман. Бузилган гаражлар ўрнида автомобиль турадиган жойлар қуришларини айтишмоқда, аммо мен бунга қаршиман. Авваламбор, бузиш ҳақида машинаси йўқ кишилар жар солмоқда. Биз, гараж эгалари, гараждан нафақат ўз мақсадида фойдаланяпмиз, балки атрофдаги тозаликни ҳам назорат қиламиз, чиқиндилардан тозалаш учун одам ёллаймиз. Кўп туманларда гаражларни бузишди, хўш, бу нимага олиб келди? Уларнинг ўрнида янги автомобиль турадиган жойлар қуришни ваъда қилишганди. Уларни қуришдими? Улар харобазор эди, шундайлигича қолди. Энди кўпчилик автомобиль эгалари машиналарини уй олдида, очиқ осмон остида қолдиришга мажбур», – гаражларни бузишга қаршиларнинг фикри тахминан мана шундай.
Кўриб турганингиздай, ҳар ким ўзича ҳақ, муаммо мураккаб, уни кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг ҳам, автомобиль эгаларининг ҳам манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этиш, автомобиль турадиган жойларни қуриш жараёнларини уларнинг қурилиш ва санитария меъёрлари ва талабларига мувофиқлигини, хавфсизлигини ва автомобиль эгалари учун қулай бўлишини назорат қилиш зарур.
Шунингдек ҳокимнинг қарори савдо мажмуалари ва тантаналар заллари ёнида парковкаларни ташкил этиш ва уларни қуришга ҳам тегишли. Бугунги кунда шаҳарда 142 та тантаналар зали ва 57 та супермаркет (гипермаркет) фаолият кўрсатмоқда, еттита йирик шаҳар бозори ишлаяпти. Ҳар куни уларга ўн минглаб одам келади, шу боис автомобиллар ҳаракатини тартибга солиш, улар кириши ва чиқиши учун шароитларни таъминлаш, автомашиналарни сақлаш масалалари ҳокимият томонидан катта эътиборни талаб этади.
«Эски жўва» бозори пойтахтдаги одам энг кўп келадиган бозорлардан бири ҳисобланади. Тиғиз пайтда бу ерда доим тиқилинчлар юзага келади. Бунга, бир томондан, бозор йирик автомагистраллар кесишадиган ерда жойлашгани сабаб бўлса, иккинчи томондан, ҳайдовчиларнинг кўпчилиги ҳамон ўз машиналарини бозор яқинидаги йўл чеккасига қолдиришда давом этаётганидир.
Бозорнинг ўзида тиғиз пайтда машина турадиган жойлар етишмайди, автомобиллар қийинчилик билан кириб-чиқади. Ҳозир бозор ҳудудида умумий сиғими қарийб 1 000-1 200 та автомобилни ташкил этувчи бешта автомобиль турадиган жой мавжуд.
Шунингдек ҳайдовчиларга парковканинг қимматлиги ҳам ёқмаяпти. “Бозорда парковка уч минг сўм. Хўш, нима учун шунча пул тўлаш керак?! Хизмат кўрсатиш даражаси паст: видеокамералар, қуёш ва ёғингарчиликдан асрайдиган бостирмалар, нормал қоплама йўқ! Шунчаки асфальтда машиналар учун жой чизиб қўйишган, холос. Ким бундай “сервис” учун тўлашни хоҳларди? Биздан шунча пул олишга қарор қилишдими, марҳамат қилиб, хавфсизлик ва қулайликнинг тегишли даражасини таъминлаб қўйишсин”, – бу кўпчиликнинг фикри.
Кўрсатиладиган хизмат нархларга мувофиқ келиши учун нималар қилиш зарур? Мутахассисларнинг фикрича, биринчидан, парковкаларни лойиҳалаштириш пайтида ушбу ҳудудда мавжуд бўлган автотранспорт воситаларининг статистик таҳлилини ўтказиш ва шундан кейингина автомобиль турадиган жойларни қуриш керак, бунда келгусида автомобиллар сони ошиши эҳтимолини ҳам кўзда тутиш лозим. Иккинчидан, ҳайдовчилар учун тегишли хавфсизлик ва қулайлик даражасини таъминлаш зарур: асфальт юзасини текислаш, бостирмалар қўйиш, мижозларни ҳисобга олиш тизими, видеокузатув тизимини ўрнатиш, чироқлар қўйиш керак.
Тошкентликларнинг аксарияти расмий автомобиль турадиган жойлари бўлмаган йўлларнинг чеккаларида юрувчи ярим криминал элементларга эътибор қаратиш лозим деган фикрда. Ушбу “гунг” ёки ўзини “гунг” қилиб кўрсатувчи шубҳали шахслар гўёки сизга машинани қўйишга ва олиб чиқишга ёрдам беради ва бунинг учун пул ҳам олади. Ҳолбуки ҳайдовчиларнинг ўзи бу вазифани уларсиз ҳам уддалаган бўларди.
Улар оладиган пул қаерга ва кимнинг чўнтагига кетиши, қайси мақсадларга сарфланиши ҳеч кимни қизиқтирмайди чоғи, уларни ҳатто милиция ҳам “кўрмайди”.
Кўриб турганимиздай, машиналар парковкаси масаласида, шунингдек гаражларни бузиш ва тураржой массивларининг ичида автомобиль турадиган жойларни қуриш ҳамда жамоат жойларида парковка тартибини ва нархларини ўрнатиш масаласида ҳам муаммолар керагидан ортиқ.
Асосийси, юқорида қайд этилганидай, чуқур ўйланган ёндашув, барча манфаатдор томонларнинг таклиф ва мулоҳазаларини албатта инобатга олиш зарур. Фақат шундагина ислоҳотлар ижобий самарани бериши мумкин.
Манбалар: маҳаллий ОАВ, ФБ
Шарҳлар