Ўзбекистон нефтни қайта ишлаш соҳасини соғломлаштирмоқда
Ўзбекистон ҳукумати “Ўзбекнефтгаз” МХК тузилмасига кирувчи зарарига ишлаётган корхоналарни, шу жумладан Фарғона ва Бухоро НҚИЗни ҳам, молиявий-иқтисодий жиҳатдан соғломлаштириш бўйича “йўл хариталари”ни тасдиқлади.
Ушбу соғломлаштириш дастури маҳсулот таннархини камайтириш, истеъмолчиларнинг дебиторлик қарзларини қисқартириш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмлари ва импорт хомашё ҳисобига қувватларни ошириш чораларини кўзда тутади.
Дастурни амалга ошириш натижасида 2014 йил якунлари бўйича Фарғона НҚИЗнинг соф фойдаси 5,2 млрд сўмни ($2,25 млн) ташкил этиши режалаштирилган (2013 йил якунлари бўйича соф зарар 224,5 млрд сўмни ($97,1 млн) ташкил этганди). Бухоро НҚИЗнинг фойдаси эса 10,2 млрд сўм ($4,4 млн) миқдорида прогноз қилинмоқда (2013 йилда кўрилган соф зарар 226,8 млрд сўмни ($98 млн) ташкил этган).
Соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар йил охиригача Фарғона НҚИЗнинг юкланиш қувватини 33,5% гача (2013 йилда 25,9% ни ташкил этган), Бухоро НҚИЗникини эса 64,7% гача (64,4%) ошириш имконини бериши керак.
Жорий йилда Фарғона НҚИЗда толлинг шароитларида 500 минг тонна импорт нефть маҳсулотини қайта ишлаш, Бухоро НҚИЗда эса 328 минг тонна газойлни қайта ишлаш режалаштирилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда нефть ва газ конденсатини қайта ишлаш ишлари учта – Фарғона, Олтиариқ ва Бухоро заводларида амалга оширилмоқда, бироқ хомашё танқислиги сабабли НҚИЗлари тўлиқ қувват билан ишлай олмаяпти.
Сўнгги йилларда захиралар камайиши оқибатида суюқ углеводородлар, шу жумладан нефть қазиб чиқариш ҳажми камайиб бормоқда. Хусусан, 2012 йилда нефть қазиб чиқариш ҳажми 17,4% га, яъни 1,56 млн тоннагача камайди.
2013 йил январь-март ойларида 2012 йилнинг худди шу даври билан солиштирганда нефть қазиб чиқариш ҳажми 19,8% га, яъни 345,25 минг тоннагача қисқарди. Ундан кейинги даврлар бўйича статистик маълумотлар йўқ.
Юқорида тилга олинган учта НҚИЗ “Ўзнефтмаҳсулот” АКга (ўз навбатида у “Ўзбекнефтгаз” МХКнинг тузилмасига киради) қарайди. Компания нефть базалари тармоғига, юк тушириш ва ортиш терминалларига ҳамда АЁҚШларга эга бўлиб, нефть маҳсулотларини сотиш билан ҳам шуғулланади.
Қайд этиб ўтамиз, «Ўзбекнефтгаз» МХК Ўзбекистон нефть-газ мажмуасининг монопол оператори ҳисобланади. У 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, 6 та акциядорлик компаниясини бирлаштирган, деб ёзади oilnews.com.
Фотосурат: uzbekny.tv
Шарҳлар