Уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш бўйича миллий шарҳни тайёрловчи Халқаро экспертлар миссияси Ўзбекистонда бўлди

Уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш бўйича миллий шарҳни тайёрловчи Халқаро экспертлар миссияси Ўзбекистонда бўлди

Шу йилнинг 11-20 июнь кунлари БМТ Европа иқтисодиёт комиссиясининг Ўзбекистонда уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш миллий шарҳини тайёрлаш жараёнига бевосита жалб этилган халқаро экспертлар миссияси бу борада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида юртимизда бўлди. 

Ташриф давомида ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган вазирлик ва идоралар мутахассислари билан тайёрланаётган миллий шарҳнинг асосий жиҳатларини муҳокама этиш ва ҳужжатнинг тегишли бўлимлари учун зарур материалларни тўплаш бўйича қатор учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, халқаро маслаҳатчилар мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларида уй-жой қурилиши соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самаралари билан ҳам танишди. 

Халқаро маслаҳатчилар миссиясининг ташрифи асносида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш миллий шарҳини тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади, дея қайд этади Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг матбуот хизмати.
 
Шунингдек, халқаро маслаҳатчилар иштирокида шу йилнинг 12-13-июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва Жаҳон банки кўмагида Тошкентда «Шаҳарсозлик ва ер тузиш соҳасидаги ёндашувлар ва энг яхши амалиёт» мавзусида семинар ўтказилди. 

Мазкур семинар БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси ва Жаҳон банки маслаҳатчилари ҳамда мамлакатимизнинг ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган вазирлик, идора ва тадқиқот институтлари мутахассисларининг шаҳар ва қишлоқларни ривожлантириш, ер ресурсларини, уй-жой қурилишини бошқариш, биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ҳамда қурилиш соҳасига замонавий технологияларни жалб қилиш бўйича жорий ва истиқболдаги масалаларни муҳокама этиш учун ўзига хос платформага айланди. 

Семинар якуни бўйича БМТ Европа иқтисодиёт комиссиясининг Уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш бўлими раҳбари, халқаро маслаҳатчилари миссияси раҳбари Гулнора Ролл Ўзбекистонда шаҳарсозлик, уй-жой қурилишини ривожлантириш соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилгани, шаҳарлашув масалаларини ҳал этиш ва мамлакатимиз қишлоқ аҳолисининг ҳаёт сифатини ошириш борасида салмоқли тажриба тўпланганини ҳамда ушбу амалиёт ва тажрибадан бошқа мамлакатларда ҳам энг яхши амалиёт сифатида фойдаланиш кераклигини таъкидлади, деб ёзади ЎзА. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.