Алишер Навоий номидаги Давлат Академик Катта театрида таъмирлаш ишлари қачон якунланади?
Мана бир неча йилдирки, Алишер Навоий номидаги Давлат Академик Катта театрининг нафақат ташқи қиёфаси тубдан ўзгараётир. Уч йилдан кўпроқ вақт олдин театр реконструкцияга ёпилди ва… шу билан ҳаммаси тугади.
Ўшандан буён кўзга кўринарли бирор воқеа юз бергани йўқ. Ҳозир вазият яхши томонга ўзгара бошлаяпти. Пудратчи алмашганидан кейин, ниҳоят, таъмирлаш ишлари яна тикланди. Айни пайтда ишчилар эски ускуналарни, саҳна ва жиҳозларни демонтаж қилиш ишларини амалга оширмоқда.
Пудратчи ташкилотнинг прораби Алишер Ҳайдаров берган маълумотга кўра, ҳозирча лойиҳа олингани йўқ, фақат демонтаж ишлари олиб бориляпти.
Шу билан бирга, театр пойдевори ва кўтарувчи конструкцияларининг ҳолати комплекс таҳлилдан ўтказилди. Унинг асосида бинони реконструкция қилиш режаси ишлаб чиқилади. Бинонинг олд томони ўзининг аввалги кўринишини сақлаб қолиши, фақат кичикроқ ўзгаришлар бўлиши мумкин.
Театрнинг ички қисми тўлиқ янгиланади: саҳна алмаштирилади, жиҳозлар ўзгартрилади, янги ёритиш тизими ва акустик ускуналар ўрнатилади. Бинонинг қолган қисмлари бўйича маълумот йўқ. Режа бўйича реконструкция ишлари шу йил охирида якунланиши керак бўлса-да, объектни топширишнинг аниқ муддатлари ҳозирча номаълум.
80-йиллар охирида театр чўка бошлаганди, ўшанда унинг пойдеворига жуда кўп миқдорда шишабетон қуйилган. Бу самара берган бўлса керак, чунки бу борада ҳеч қандай гап чиққани йўқ.
Театр биносини реконструкция қилиш ишлари 2012 йил май ойида бошланди, унга бош пудратчи “Rezina Optima Standart” МЧЖ бошчилигида 17 та пудратчи ташкилот жалб этилди. Реконструкция ишларини эса 2013 йил августигача якунлаш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Навоий номидаги Давлат Академик Катта театрининг биноси 1948 йилда академик А.В.Шчусев лойиҳаси бўйича барпо этилган. Ҳозир театр жамоаси ўз фаолиятини балет ёки опера учун мутлақо тўғри келмайдиган “Туркистон” Санъат саройи саҳнасида давом эттирмоқда.
Фотосурат: neweurasia.net
Шарҳлар