Ўзбекистонда ЙПХ инспекторларини видеога ёки фотосуратга олиш тақиқланмаган

Ўзбекистонда ЙПХ инспекторларини видеога ёки фотосуратга олиш тақиқланмаган

Йўл ҳаракати қоидаларига бағишланган саволлар Ўзнетда ҳар доим долзарб бўлиб келган. Бироқ кўп ҳолларда бундай “суҳбатлар” Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати (ЙҲХДХ)нинг назаридан четда қолиб кетади ва саволлар ўз жавобини топмайди. Шу муносабат билан ҳуқуқий мулоқотни йўлга қўйишга қарор қилган  “Экономическое обозрение” журнали “ЙҲХДХга саволлар” рукнини эълон қилди.
 
ЙҲХДХ ходимларида белгиланмаган жойда турган машинанинг рақамини ечиб олиш ва унинг олд ойнасига ўзининг телефон рақамини қўйиб кетиш ҳуқуқи борми? Бунда улар қайси тартибга солувчи ва рухсат берувчи ҳужжатларга асосланади? 

— Автомобилни тақиқланган жойга қўйиш йўл ҳаракати қоидаларининг энг қўпол бузилиши ҳисобланади. Айниқса, агар автотранспорт воситалари йўлнинг қатнов қисмига қўйилган ва улар бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига халақит бераётган бўлса. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун ЎзР Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1286-моддаси 1, 2 ва 3 қисмларига биноан маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган. 

Давлат рақамларининг ечиб олинишига тўхталадиган бўлсак, ушбу ҳаракатлар ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 24 февралдаги “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 49-сонли қарорига илова билан тартибга солинган. Мазкур ҳужжат билан 45 та банддан иборат ҳолатлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, улар юз берганида автотранспорт воситаларидан давлат рақамли белгиларини ечиб олиш кўзда тутилган.
 
Автомобиль соҳиби ЙҲХДХ ходимига ўз ҳужжатларини тақдим этишдан олдин уни тўхтатишларининг сабабини билиш ҳуқуқига эгами?

— Йўл ҳаракати қоидаларининг 3.1-бандига биноан механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси ўзи билан мазкур транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатларни олиб юриши ва ички ишлар органлари ходимининг талаби билан уларни текшириш учун тақдим этиши шарт. Ўз навбатида, ички ишлар органларининг ходими белгиланган тартибда ўзини таништиришга ва транспорт воситасининг тўхтатилиш  сабабини тушунтиришга мажбур. 

Агар автомобиль соҳиби эски автомобилдан қолган янги намунадаги давлат рақамларига эга бўлса, у янги автомобилни рўйхатдан ўтказаётган пайтда шу рақамларни қолдириши мумкинми?

— ИИВнинг 14.06.1997 йилдаги 128-сонли буйруғи талабларига биноан қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнида автомототранспорт воситаларидан ечиб олинган давлат рақамлари белгиланган тартибда йўқ қилинади. Бундай давлат рақамлари фақат махсус комиссиянинг актига мувофиқ такрор фойдаланишга яроқли деб тан олиниши мумкин.

ЙҲХДХ инспектори автомобиль соҳибини автотранспортни маст ҳолатда бошқарганликда айблаган тақдирда баённома тузиши ва экспертизадан ўтишни талаб этиши керакми?

 — Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага биноан, автотранспортни маст ҳолатда бошқариш айбловини қўйиш учун етарлича асос мавжуд бўлганида, автомобиль эгаси транспорт воситасини бошқаришдан четлатилади ва унинг маст ҳолатда бўлгани белгиланган тартибда тасдиқдан ўтказилади. Ҳайдовчининг ҳолатини аниқлаш ишлари ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган Йўриқнома талабларига биноан тиббий кўрикдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
   
Мастлик белгиларига эга шахслар тиббий текширувдан ўтиш учун ихтисослашган тиббий муассасага йўналтирилади.

Ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортса, тегишли баённома тузилади ва ҳайдовчи транспорт воситасини бошқаришдан четлатилади. Баённомада ҳуқуқбузарнинг мастлик ҳолати белгилари ва кўрикдан бош тортиш  бўйича ҳаракатлари батафсил баён этилади. Баённомага ҳуқуқбузарнинг бош тортиш сабаблари кўрсатилган тушунтириш хати ва иккита гувоҳ ёки шоҳид иштирокида тузилган акт илова қилиниши мумкин.

ЙПХ инспекторларини хизмат пайтида, хусусан, ҳайдовчининг инспектор томонидан тўхтатилиб, у билан мулоқот қилаётган вақтда, кейинчалик бўлиши мумкин бўлган суд муҳокамаси учун видеога олиш рухсат этилганми?

— Ички ишлар ходимларини фото ва видеога олиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги томонидан тақиқланмаган, аммо шу билан бирга, ЙПХ инспектори Ўзбекистон Республикаси учун стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларнинг бевосита яқинида хизматини ўтаётган бўлса, тасвирга олишни тўхтатишни талаб қилишга ҳақли. Бунда ЙПХ инспектори бунинг сабабини тушунтириши шарт.

Бундан ташқари, ҳар қандай фуқаро, шу жумладан ички ишлар органларининг ходими ҳам, ўзининг тасвирини муҳофаза қилиш бўйича фуқаролик ҳуқуқи бузилганида, белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин (ЎзР Фуқаролик кодексининг 99 ва 100-моддалари).
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.