Британиялик олимлар: йирик тўғонлардан келадиган ва кўкларга кўтариб мақталган фойда аслида шубҳалидир
Дунёдаги қадимий ва энг нуфузли тадқиқот марказларидан бири – Оксфорд университетининг (Буюк Британия) бир гуруҳ етакчи олимлари чуқур комплекс тадқиқот ўтказиб, ривожланаётган мамлакатларнинг энергия таъминоти муаммоларини кўп маблағ талаб қиладиган гидроэлектр станциялар қуриш орқали ҳал этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида илмий асосланган хулосага келди, деб ёзади ЎзА.
Оксфорд университети олимлари А.Ансар, Б.Флайбьерг, А.Бадзиер ва Д.Ланн замонавий статистика услубларидан фойдаланган ҳолда, сўнгги 70 йилда беш қитъа ва 65 мамлакатда қурилган 245 йирик тўғонни таҳлил қилиб, йирик гидроэнергетика иншоотларини қуриш нечоғли мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масала юзасидан илмий асосланган ва далиллар билан исботланган батафсил тадқиқотни тайёрлади. Тадқиқот натижалари «Энергетика сиёсати» халқаро журналида чоп этилган «Йирик тўғонлар барпо этиш керакми. Гидроэнергетик мегалойиҳаларни амалга оширишнинг реал қиймати» мақоласида баён этилган.
Британиялик олимларнинг хулосасига кўра, йирик тўғонлар қуриш бўйича ҳар тўрт лойиҳанинг учтасини қуриш жараёнида уларнинг қиймати ортиб борган. Яъни, уларнинг ҳақиқий қиймати лойиҳа қийматидан ўртача 96 фоиз ёки қарийб икки баробар кўпайган. Тадқиқот шуни кўрсатдики, йирик тўғоннинг лойиҳада белгиланган қийматини етарлича баҳоламаслик эҳтимоли бугун ҳам 1934 йилдаги каби юқорилигича қолмоқда.
Тадқиқот давомида йирик мегатўғонларни барпо этиш бундай лойиҳалар қийматининг шиддатли ўсиши билан боғлиқлиги аниқланган: баландлиги 100 метр бўлган тўғонни қуриш, одатда, 50 метрлик тўғонни қуришдан тўрт марта қимматга тушади. Олимлар тўғонларнинг лойиҳалаштирилаётган ва якуний қиймати ўртасидаги фарқ мамлакатнинг иқтисодий тараққиёт даражасига боғлиқлигига алоҳида эътибор қаратган. Бу борада махсус ўтказилган статистик таҳлил даромад даражаси паст бўлган мамлакатлар йирик тўғонлар қуриш қийматини етарлича баҳоламасликка мойиллигини кўрсатди. Шу муносабат билан тадқиқот муаллифлари қуйидагиларни таъкидлаган: «Ривожланаётган мамлакатлар, йирик тўғонлар каби мураккаб иншоотларга гўё эҳтиёж юқори туюлса-да, ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ҳар томонлама пухта ўйланмаган қарорлар қабул қилишдан тийилишлари лозим».
Тадқиқот муаллифлари тўғонлар қурилишининг қиймати ошишини таҳлил қилиш баробарида, бундай қурилишнинг лойиҳада кўзда тутилган муддати билан уни қуриб битказиш муддати ўртасидаги тафовутни ҳам ўрганиб чиқди. Бу борада улар ўнта йирик тўғоннинг саккизтаси лойиҳада кўзда тутилган муддатларда ниҳоясига етказилмаганини аниқлади. Объектни фойдаланишга топшириш бўйича лойиҳада назарда тутилган муддатдан орқада қолиш вақти ўртача 44 фоиз ёки 2,3 йилни ташкил қилган.
Статистик таҳлил шуни кўрсатдики, баландлиги 150 метрдан юқори бўлган мегатўғонни қуриш муддати бундан пастроқ бўлган шундай иншоотни барпо этишга кетадиган ўртача муддатдан анча кўп, яъни 8,6 йилни ташкил этади. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, бу йирик гидроиншоотлар тарафдорларининг ГЭС энергия таъминоти муаммосини тез ва самарали ҳал этиш йўли экани ҳақидаги фикрлари мутлақо асоссиз эканидан далолат беради. Ривожланаётган мамлакатларда йирик тўғонлар қурилиши, статистикага кўра, ривожланган давлатлардагига нисбатан кўпроқ вақт талаб этади.
Британиялик олимлар йирик тўғонлар қуриш ва унинг оқибатларини етарлича инобатга олмаслик катта иқтисодий ва молиявий зарар келтиришини аниқ кўрсатиб берган. Хусусан, муаллифлар йирик тўғонлар жиддий экологик ва ижтимоий таъсирга эга эканини қайд этган. Бу борада йирик ГЭСлар қурилиши атроф-муҳитга фалокат келтиргани ва кейин ўн йиллар давомида уларнинг экологик оқибатларини юмшатиш учун ўн миллиардлаб доллар сарфлаш талаб этилишини мисол қилиб келтирган.
Олимлар ўтказилган тадқиқот натижаларига асосланиб, қуйидаги хулосага келган: «Катта молиявий харажатлар ва атроф-муҳитга келтириладиган ҳалокатли зарар инобатга олинса, йирик тўғонлардан келадиган ва кўкларга кўтариб мақталган фойда аслида шубҳалидир. Замонавий йирик тўғонлар кўлами шу даражада кенгки, уларни қуришда озгина адашиш ҳам ҳатто иқтисодий ривожланган йирик мамлакатларнинг ҳам иқтисодий аҳволини мураккаблаштириши, бундай мегалойиҳаларни амалга оширишга йўналтириладиган катта миқдордаги маблағлар нафақат компаниялар, балки давлатнинг ҳам молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатиши мумкин».
«Фуқаролик жамияти ва илмий тадқиқотларда йирик тўғонлар иқтисодий, ижтимоий ва экологик оқибатлар, шунингдек, жамоатчилик учун самараси ғоят паст эканлиги ҳақида кўплаб далиллар пайдо бўлмоқда», дейди муаллифлар.
Олимлар ўз тадқиқотининг натижаси сифатида, энергия тақчиллиги муаммоларини ҳал қилишда йирик гидроэлектр станциялар барпо этиш билан боғлиқ бўлмаган вариантларни тавсия этган. Бу, айниқса, салбий геологик шароит омиллари, қурилиш узоқ муддат талаб қилиши ва унинг қиймати кескин ошиб кетиши хавфи мавжуд бўлганда янада муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, муаллифлар ривожланаётган мамлакатлар ҳукуматлари катта миқдордаги қарз маблағларини жалб этиш эвазига амалга ошириладиган ва мамлакатнинг молиявий аҳволи ва иқтисодий истиқболини хавф остига қўядиган йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдан тийилиши лозимлигини тавсия этган.
Тадқиқот натижалари гўё арзон электр энергияси ишлаб чиқарадиган йирик гидроэлектр станциялар қуриш тарафдорларига огоҳлик қўнғироғи бўлиб жаранглаши даркор. Оксфорд университетининг нуфузи, тадқиқотчиларнинг юксак малакага эга экани, шунингдек, тадқиқотда фойдаланилган салмоқли илмий ва статистик база эътиборга олинадиган бўлса, бу натижалар жаҳон ҳамжамияти фикрига жиддий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир. Мақола муаллифларининг хулоса ва тавсиялари сиёсатчи-амалиётчилар учун энергия таъминоти муаммосини бугунги кунда эскирган ва катта техноген, иқтисодий, ижтимоий ва экологик хавфли йирик гидроэнергетика объектларини қуриш лойиҳаларидан кўра ҳар томонлама чуқур ўйланган, фойдали ва хавфсиз ҳал этиш йўлларини танлашида алоҳида аҳамиятга эгадир.
Шарҳлар