Самарқандда автобус йўлкираси 40%га қимматлади
25 июндан бошлаб Самарқандда автобус йўлкираси 700 сўмга кўтарилди.
Журналист Тошпўлат Раҳматуллаев берган маълумотга кўра, Самарқанд шаҳрида автобус йўлкираси 500 дан 700 сўмгача, яъни 40 фоизга кўтарилган, деб ёзади 12news.uz.
«Бу самарқандликлар учун кутилмаган ҳолат бўлди. Бир неча ойдан буён йўлкира ҳақи ошиши ҳақида миш-мишлар юрганига қарамасдан, бу кун қачон келишини ҳеч ким билмасди. Албатта, тарифларнинг ошиши ҳеч кимга ёқмайди. Айниқса, йўловчи ушбу хизмат турига кечагига қараганда анча кўпроқ пул тўлаб, эвазига хизмат кўрсатиш маданиятида ҳеч қандай яхшиланишни ҳис қилмаса. Автобусларнинг ҳеч қандай ҳаракат жадвали мавжуд эмас, бунинг устига интервалга ҳам амал қилинмайди. 40 даражали жазирамада автобусларда кондиционер у ёқда турсин, оддий парда ҳам йўқ. Ҳайдовчининг ихтиёри билан автобус бекатда 15 дақиқагача туриши мумкин (сўз охирги бекат ҳақида бормаяпти, албатта). Ҳайдовчиларда бейжик йўқ, кондукторлар автобазаларга ҳеч қандай алоқа бўлмаган ёлланма ишчилар ҳисобланади. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданияти умуман йўқлиги ҳақида эса соатлаб гапириш мумкин. Ушбу мавзу алоҳида мақола ёзилишига муносиб», — деб ҳисоблайди Раҳматуллаев.
Журналист йўлкира ҳақи ошиши билан кутилмаганда 100 сўмлик қоғоз пуллар йўқлиги билан боғлиқ бошқа бир муаммо пайдо бўлганига эътибор қаратади.
«Кондукторлар йўловчига 1000 сўмдан қайтим беришга қийналмоқда. Уларнинг айримлари эса бунинг йўлини ҳам топган: улар 100 сўм ўрнига… бир қути гугурт қайтаряпти. Ҳа, дўконда гугурт худди шу нархда сотилади», — таъкилайди самарқандлик журналист.
Бундан олдин, Тошкентда ҳам шу йилнинг 15 июнидан бошлаб жамоат транспортида йўлкира ҳақи 25% га, яъни 800 сўмдан 1000 сўмга кўтарилгани ҳақида маълум қилинганди.
Шарҳлар