Уч йиллик танаффусдан сўнг Тошкент метроси вагонларига тижорат рекламаси қайтди
3 йилдан сўнг Тошкент метросининг вагонларига тижорат рекламаси қайтди. Июнь ойининг сўнгги кунларида “Чилонзор” йўналишида ҳаракатланувчи поезд вагонларида реклама баннерлари пайдо бўлди.
Kun.uz сайтининг кузатувларига кўра, реклама берувчилар орасида Pepsi, Lipton Ice Tea, Dewell ҳамда дори препаратларини ишлаб чиқарувчи компаниялар бор. Айтиш жоизки, реклама баннерларининг сони огоҳликка даъват этувчи баннерлар сонига деярли тенг.
Бундан олдин май ойидан бошлаб Тошкент метросида тижорат рекламаси пайдо бўла бошлагани ҳақида хабар берилганди. Ҳаммаси “Алишер Навоий” ва “Пахтакор” бекатлари орасидаги ўтиш жойига ўрнатилган цилиндрсимон блоклардан бошланди. Бироз вақт ўтиб, бошқа бекатларда ҳам рекламалар пайдо бўлди, аммо улар вагонларда кузатилмаётган эди.
Рекламанинг қайтишига нима сабаб бўлгани ҳақида расмий маълумотлар йўқ, аммо яқинда метро вагонларига видеокамералар ўрнатила бошлагани инобатга олинадиган бўлса, ушбу икки воқеа бир-бири билан боғлиқлигини тахмин қилиш мумкин. Бекатларнинг ўзида ҳозирча реклама йўқ.
Маълумотнома: 2011 йили метро вагонлари, бекатлар ва ўтиш жойларидан барча тижорат рекламалари олиб ташланган эди. Уларнинг ўрнида огоҳликка чақирувчи ташвиқот плакатлари пайдо бўлди. Тахминан ўша пайтда бекатларда реклама роликлари ва мусиқий клипларни намойиш этувчи плазмали панеллар ҳам олиб ташланди.
2013 йили Тошкент метрополитенида хавфсизликни таъминлаш бўйича батальон бошлиғи Руслан Ирназаров мазкур чораларга изоҳ берар экан, реклама йўловчиларни чалғитишини сабаб қилиб кўрсатади.
«Рекламага маҳлиё бўлиб қолган йўловчи кимдир сумкасини қолдирганини ёки бошқа бир йўловчи ўзини шубҳали тутаётганини сезмай қолиши мумкин. Шунинг учун фуқароларга уларнинг хавфсизлиги ўзларининг қўлида эканини эслатиш, фуқароларни огоҳлик ва эҳтиёткорликка чақириш мақсадида метродан реклама олиб ташланди”, – деганди ўшанда подполковник Ирназаров.
Фотосурат: © Anhor.uz
Шарҳлар