Gallup сўровномаси: Ўзбекистонда аҳолининг 92%, АҚШда эса 79% эркинлик даражасидан мамнун

Gallup сўровномаси: Ўзбекистонда аҳолининг 92%

2013 йилда танлов эркинлиги ва ҳаётий имкониятларидан мамнун кишилар асосан Янги Зеландияда (94%) истиқомат қилиши маълум бўлди, ундан кейин ушбу рўйхатда Австралия, Камбоджа, Швеция (93% дан) ва бошқа мамлакатлар келмоқда. Бу ҳақда Gallup сўровномасининг натижалари далолат беради.

Бу борада учинчи ўринни БАА, Австрия, Нидерландия ва Ўзбекистон 92% кўрсаткич билан ўзаро бўлиб олди. Аҳолисининг 91% эркинлик даражасидан мамнун бўлган Канада, Исландия, Финляндия ва Дания мамлакатлари эса тўртинчи ўринни эгаллади. 2006 йилда аҳолисининг 91% эркинликдан қониқиш ҳосил қилган АҚШ энди 79% кўрсаткич билан 36-ўринга тушиб қолди.

Турмушидан норози фуқаролар сони бўйича 2013 йилда Миср биринчи ўринни (34%) эгаллади, ундан кейинги ўринларда Греция (30%), Италия (24%), Венесуэла (20%), Кипр (17%) ва бошқаларни кўриш мумкин.

Тадқиқотчилар ҳаётидан норози аҳоли сони бевосита мамлакатдаги коррупция даражасига боғлиқлигини қайд этади. Хусусан Руанда фуқаролари ўз ҳукуматларида коррупция деярли йўқ деб ўйлаши, шу боис мамлакатдаги ҳаётидан мамнун кишилар сони қарийб 90% ни ташкил этиши аниқланди.

Босния ва Герцеговина аҳолисининг қарийб 90% ҳукуматларида коррупция бор деб ўйлаши, эркинликдан мамнун кишилар сони эса 40%дан камлиги қайд этилади.

Шу ўринда Gallup ҳар йили 120 дан зиёд мамлакат аҳолиси орасида шундай сўровлар ўтказиб туришини айтиш лозим. Олинадиган натижалар ҳар бир мамлакатдаги 15 ва ундан катта ёшдаги тахминан 1 мингта аҳолидан бевосита олинган интервьюга асосланган. Энг биринчи сўров 2006 йили ўтказилган.

Фотосурат: © panoramio.com 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.