Ўзбекистон Президенти Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади
Шу йилнинг 1 июль куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА миллий ахборот агентлиги хабар беради.
Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Республика комиссиясининг таркибини тасдиқлаш белгиланди. Ушбу комиссия бир ҳафта муддатда “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиши лозим.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларига, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармаларига Мустақиллик байрамининг йигирма уч йиллигини юксак савияда нишонлаш учун жойларда ҳудудий комиссиялар тузиш, Республика дастуридан ўрин оладиган тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилди. Дастурни тузишда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланди:
“тарихан қисқа даврда биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни баҳолашда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилаш;
мамлакатимизнинг ўтган аср охирида кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ СССРда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланганини очиб бериш. Бунинг тасдиғини мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар, аҳолининг ялпи реал даромадлари жон бошига 8,2 карра ошгани, кейинги 9 йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани ва бошқа шу каби рақам ва кўрсаткичлар мисолида қиёсий таҳлиллар орқали кўрсатиш;
юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга очилиб, тобора обод ва гўзал бўлиб бораётгани, жумладан, аҳолимизнинг асосий қисми яшайдиган қишлоқ жойларда муносиб турмуш шароитини яратиш, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган дастурларнинг ижтимоий аҳамиятини ёритиш;
ҳеч шубҳасиз, вақт ўтиши билан тобора ёрқин намоён бўлаётган, биз биринчилар қаторида амалга оширган ва давом эттираётган, дунёда катта қизиқиш уйғотаётган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури, бир сўз билан айтганда, таълим-тарбия соҳасига энг устувор аҳамият берганимиз мамлакатимизнинг катта суръатлар билан барқарор ривож топишида ва юртимизнинг дадил қадамлар билан илгарилаб боришида мустаҳкам фундамент яратиб берганига алоҳида эътибор қаратиш;
биз учун ўта муҳим бўлган соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларида қўлга киритган ютуқ ва марраларимизнинг ҳаётий омилларини очиб бериш;
мустақилликнинг биринчи йилларидан бошлаб хотин-қизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила ва жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, айниқса, қиз болаларни замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин олиши учун амалга ошираётган кенг кўламли ишларимизни ҳаётий ва таъсирчан мисолларда ифода этиш;
бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали ва қалтис замонда, ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлаш, миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини чуқур акс эттириш;
Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган, яқин ва узоқ қўшниларимиз билан дўстона алоқалар, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатини, дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни фақатгина сиёсий музокаралар, тинчлик йўли билан ҳал этиш бўйича ёндашув ва қарашларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш;
юқорида баён этилган беқиёс натижалар, Ватанимизнинг изчил ва барқарор тараққиёти негизида турган асосий омил ва мезонларни очиб бериш амалга ошириладиган барча ахборот-информацион ишларимизда, маънавий-маърифий учрашув ва мулоқотларда, жонли суҳбатларда катта ўрин тутиши лозим”, – дея қайд этилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, ҳужжатда Республика Маънавият ва маърифат кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, жонли мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, адиблар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилиши ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминланиши ҳам кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Маданият ва спорт ишлари вазирлигига “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Ёзувчилар ва Бастакорлар уюшмалари билан биргаликда истиқлолни тараннум этишга қаратилган энг яхши қўшиқлар, мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” анъанавий республика танловининг якуний босқичини ўтказиш, танлов ғолиблари ва совриндорларини Мустақиллик байрами арафасида эълон қилиш топширилди. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Бадиий академия, “Тасвирий ойина” уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда август ойининг охирида “Энг улуғ, энг азиз”, “Ватан учун яшайлик”, “Сени куйлаймиз, замондош”, “Ранглар жилосида – она диёр” каби кўрик-танловларни юқори даражада ўтказилишини таъминлаши белгиланди.
Қарорда қайд этилишича, ўтказиладиган байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан, Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.
Шарҳлар