Ўзбекистоннинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича тутган йўли асосли ва адолатлидир
Барселонада “Марказий Осиёдаги трансчегара сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларининг ҳал этилиши юзасидан Ўзбекистоннинг ёндашуви” мавзуcига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” газетаси “Жаҳон” ААга таянган ҳолда ёзади.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикасининг Испаниядаги элчихонаси томонидан “Casa Asia” Испания Осиё мамлакатлари билан маданий алоқалар институти кўмагида ташкил этилди. Унда Испания олий ўқув юртларининг олим ва талабалари, илмий текшириш институтлари экспертлари ҳамда сув муаммолари бўйича мутахассислар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.
Мазкур тадбир унинг иштирокчиларига Орол денгизи ҳавзасидаги бугунги сув-экология аҳволини ҳамда минтақадаги мамлакатлар манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқий меъёрлар асосида трансчегара сув манбаларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш масалалари ҳал этилиши йўлларини муҳокама қилиш имконини берди.
Давра суҳбатининг испаниялик қатнашчилари Ўзбекистоннинг минтақада сув ресурсларидан фойдаланиш борасидаги қатъий ёндашувлари, республикада сув инфратузилмасини модернизациялаш ва такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда Оролбўйида экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатни соғломлаштириш соҳасидаги дастурлар билан танишди. Улар Марказий Осиёдаги трансчегара дарёлари сув манбаларининг тақсимланиши ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ масалалар минтақада жойлашган ҳамма мамлакатларнинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сув конвенцияларида белгилаб қўйилган асосий тамойил ва меъёрларга таянган ҳолда ҳал этилиши лозим, деган якдил фикрни билдиришди.
Қайд этилганидек, Амударё ва Сирдарёнинг юқори қисмида янги йирик гидро электрстанциялари қурилиши бўйича бир томонлама лойиҳаларнинг амалга оширилишига йўл қўйиб бўлмайди, чунки улар сув-экология ҳолатини кескинлаштиради ҳамда Орол денгизи ҳавзасидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ёмонлаштиради.
Барселона университети профессори Т. Молин фикрича, Марказий Осиёдаги сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари юзасидан Ўзбекистоннинг тутган йўли асосли ва адолатлидир. “Менга минтақада сув хавфсизлигини таъминлаш юзасидан мамлакатингизнинг ёндашуви жуда мақбулдир, — деди у. — Негаки Ўзбекистон нуқтаи назари Орол денгизи ҳавзасида истиқомат қиладиган халқлар манфаатларидан келиб чиқади. Роғун ГЭСнинг қурилиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатлар атроф-муҳит ва ҳудудда истиқомат қилувчи халқларнинг ҳаёт тарзига қай даражада таъсир кўрсатиши тўғрисидаги фикрлар асосли бўлгани боис жиддий хавотир уйғотади. Бизнинг ишончимиз комилки, сув муаммолари, энг аввало, минтақа мамлакатларининг ўзлари томонидан ҳал қилиниши лозим”.
Сув муаммолари бўйича испаниялик таниқли эксперт, Қироллик Фанлар академиясининг аъзоси, профессор Рамон Лйамос Орол денгизи муаммоси ва собиқ иттифоқ даврида Амударё ҳамда Сирдарё сувларидан нотўғри фойдаланилиши натижасида унинг қуриб бораётгани тафсилотлари билан яхши таниш эканлигини таъкидлади. “Орол денгизининг қуриб бораётгани олим сифатида мени хавотирга солади. Мен Ўзбекистоннинг Орол фожиаси глобал экологик инқироз эканлиги тўғрисидаги фикрига қўшиламан. Оролбўйидаги экология вазиятини яхшилаш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни ҳам қўллаб-қувватлайман. Ўзбекистоннинг ерларни суғоришда изчил равишда замонавий усулларни қўллаётгани, хусусан, унинг сув ресурслари бошқарилишига ёндашуви ижобий қадам ҳисобланади”, – дейди у.
Тадбир чоғида йирик ГЭСлардан фойдаланишнинг атроф-муҳитга ҳамда трансчегара сув ҳавзалари бўйида жойлашган мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётига салбий таъсирларини ўрганишга бағишланган энг сўнгги илмий тадқиқотлар натижалари ҳам муҳокама қилинди. Испания экспертлари томонидан қайд этилганидек, мазкур тадқиқотларнинг хулосалари атроф-муҳитга ҳалокатли таъсири ҳамда иқтисодий жиҳатдан норентабеллиги ҳисобга олинадиган бўлса, йирик сув иншоотлари қурилишининг мақсадга мувофиқлиги жиддий шубҳа остида эканлиги маълум бўлади.
Шу муносабат билан, испаниялик олимлар трансчегара дарёлари бўйида экологияга жиддий зарар етказмайдиган ҳамда давлатлараро баҳсларни келтириб чиқармайдиган ўртача ва кичик ГЭСлар қурилишининг тарафдори эканликларини маълум қилди.
Шарҳлар