Ўзбекистонлик фуқаро сахалинлик бизнесменларнинг 100 минг доллардан зиёд маблағини ўзлаштирди
Россиянинг Сахалин области прокуратураси томонидан судга фирибгарлик йўли билан тадбиркорларнинг 3 505 000 рубль ($100 мингдан ортиқ) маблағини ўзлаштириб олган ўзбекистонлик фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноий иш юборилди.
РФнинг Сахалин бўйича прокуратураси маълумотига кўра, 25 ёшли Ўзбекистон фуқароси 2012 йил охирида Жанубий Сахалинлик иккита тадбиркорга ўзини «Сахалин Энерджи Инвестмент Компани ЛТД» компанияси Сахалин филиалининг етакчи ходими сифатида таништирган ва уларга турли ёнилғи-мойлаш материалларини бозордагидан арзонроқ нархда сотиб олиш имкони борлиги ҳақидаги ёлғон маълумотларни берган.
Фирибгар мазкур тадбиркорларнинг ишончига кириш мақсадида уларнинг манзили бўйича худди шу тадбиркорларнинг пулига шаҳардаги ёнилғи қуйиш шаҳобчаларидан бирида сотиб олинган бироз миқдордаги ёнилғини қолдиради. Нархдаги фарқни эса ўзининг чўнтагидан тўлайди.
Шу тариқа тадбиркорларнинг ишончига кирган фирибгар улардан турли маҳсулотлар сотиб олиш учун 3505000 рубль пул олади. Бироқ кейинчалик у бу маҳсулотларни тадбиркорларга етказиб бермайди.
Область прокурорининг ўринбосари Жанубий Сахалин шаҳар судига ғаразли жиноятларнинг 2 та эпизоди бўйича жиноят ишини юборган ҳолда айблов хулосасини тасдиқлади.
Шарҳлар