ДСҚ вакили жисмоний шахслар эгалигидаги кўчмас мулк объектларининг солиғи бўйича тушунтириш берди

ДСҚ  вакили жисмоний шахслар эгалигидаги кўчмас мулк объектларининг солиғи бўйича тушунтириш берди

Иморат, бино ва иншоотлар (уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар) ва ер участкалари эгалари бўлган жисмоний шахслар солиқ тўловчилар, шу объектларнинг ҳар бирини қиймати ва ер майдонлари эса солиқ ҳисоблаш объекти ҳисобланади.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва ер солиғини ҳисоблаб чиқариш солиқ тўловчининг яшаш жойидан қатъи назар, солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида амалга оширилади, дея қайд этади Давлат солиқ қўмитасининг бошқарма бошлиғи Р.Насимов.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ҳар йили 1 февралгача объектнинг 1 январга бўлган ҳолатига кўра инвентаризация қийматини, эгаллаган ер участкаларининг майдонларини ва унинг мулкдорини кўрсатган ҳолда маълумот тақдим этади.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини баҳолаш бўйича ваколатли орган томонидан аниқланган солиқ солиш объектининг баҳоси мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкнинг қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган шартли қиймати солиқ солинадиган база ҳисобланади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2099-сонли қарорининг 18-иловасига мувофиқ 2014 йилга жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш бўйича ваколатли органлар белгилаган инвентаризация қиймати бўлмаса, солиқ ҳисоблаш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 18480,0 минг сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда 8030,0 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қийматлари белгиланган.

Мол-мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулк шартли қийматининг икки баравари миқдоридан келиб чиқиб ундирилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 160-моддаси 2-қисмига мувофиқ фуқароларнинг уй-жойларни қуриш қоидаларини бузиш ёки уй-жойларга доир мулк ҳуқуқларини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаслиги, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 275 ва 290-моддаларида жисмоний шахсларнинг айрим тоифаларига имтиёзлар белгиланган.

Масалан, «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахсларнинг молмулкига солиқ солинмайди, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари, ўн нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёллар ҳамда пенсионерларга қонун ҳужжатларида белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ўлчами доирасида имтиёз берилган.

Шу каби, «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлари, ёлғиз пенсионерлар ҳамда боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар эгалигидаги ер участкалари бўйича жисмоний шахсларнинг ер солиғидан озод қилинган.

Қайд этиш лозимки, Солиқ кодексининг 276 ва 291-моддаларига асосан мол-мулк ва ер солиғи объектлари жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилган ёхуд улар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган тақдирда, шунингдек жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар бўйича жисмоний шахслардан ундириладиган солиқлар юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади ҳамда уларга ушбу кодекснинг 275 ва 290-моддалари билан белгиланган имтиёзлар тадбиқ этилмайди.

Шу билан бирга, имтиёзга эга бўлган фуқаро эгалигида бир нечта мулк ёки ер объекти мавжуд бўлса, бундай ҳолда объект эгасининг танлашига қараб, фақат битта объект бўйича имтиёз берилади. Белгиланган имтиёзлар фақат кўчмас мулк объекти ёки ер участкаси мулкдорига имтиёзга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат асосида қўлланилади.

Жисмоний шахсларга мол-мулк ва ер участкалари бўйича солиқ ҳисобланганлиги тўғрисидаги тўлов хабарномаси давлат солиқ хизмати органи томонидан ҳар йили 1 майгача тақдим этилиши лозим.

Жисмоний шахслар эгалигидаги турар ва нотурар жой объектларига ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқларини солиқ даври учун ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар тўланади. Ҳар бир фуқаро ўзига тегишли мол-мулк объектлари ва ер участкалари учун ҳисобланган солиқларни тўлов муддатидан илгари тўлаши мумкин.
Белгиланган муддатдан кечиктириб тўланган солиқ суммасига ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.

Ҳисобланган солиқларни муддатида тўламаган фуқаролардан солиқлар амалдаги қонунчиликка биноан белгиланган тартибда суд орқали мажбурий тартибда ундирилади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.