Келесдаги “фанга номаълум махлуқ” билан боғлиқ воқеа ўз ниҳоясига етди
Тошкентдан Келесга борадиган йўлдаги кўприкда кузатилган “фанга номаълум махлуқ” билан боғлиқ воқеа ўз ниҳоясига етди. Қуйида сизга воқеалар ривожини таклиф этамиз:
6 июль: Ижтимоий тармоқда ва Telegram мессежери орқали Келес кўприги ҳудудида номаълум бир махлуқ кечалари томдан-томга сакраётгани ҳақидаги маълумот тарқалади.
7 июль: Ижтимоий тармоқда кўприкда бир неча юз одам тўплангани ва улар муайян бир нуқтага қараб турганини акс эттирувчи фотосуратлар пайдо бўла бошлади.
7 июль, кундузи: Тармоқда гўёки бу махлуқ ўлган одамнинг руҳи, бигфут, йетти, ўзга сайёраликлар деган бир-биридан ажабтовур версиялар пайдо бўла бошлади. Бу орада эса бир нечта ОАВ, шу жумладан биз ҳам, бу маълумотни чоп этдик.
7 июль, кечки пайт: Ушбу мавзу муҳокамаси ўзининг авж нуқтасига етди, “номаълум махлуқни” кўриш учун Келесга одамлар кела бошлади.
8 июль: ОАВда “махлуқ” борлиги ва у ушланганлиги ҳақидаги маълумотни рад этувчи хабар пайдо бўлди.
8 июль: Kun.uz нашри ушбу воқеага якун ясади. Келес ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари номаълум махлуқ, у қидирилгани ёки ушлангани ҳақидаги маълумотни рад этиб, ушбу воқеани уюштирган “ҳазилкаш” изланаётгани ҳақида хабар беради. Шунингдек, нашр ҳаммаси мессежерлар орқали амалга оширилган тарқатмалар, одамларнинг миш-мишларга ўчлигидан бошланганлиги маълум қилинади.
Хулоса: Келесда уйларнинг томида бир нечта ўсмир югуриб юрган. Уйлардан бирининг эгаси чиқиб уриша бошлаганида, улар унга тош отиб, қочиб кетган. Эртаси куни воқеа яна такрорланган, бироқ бу сафар ҳам ўсмирларни ҳеч ким на ушлашга, на кўришга улгурган, шу боис уйларнинг томида номаълум махлуқ сакраётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалган. Хабар бир зумда аҳоли ўртасида тарқалиб кетган ва 7 июль куни 200 га яқин одам “уйларнинг томида сакраб юрган номаълум махлуқни” кўриш учун Келесга келган. Ҳозир бу ерда тинчлик, ҳамма ҳеч қандай “махлуқ” йўқлигини тушуниб етди.
Жавлон Хасанов,
Фотосурат: © Sayyod.uz
Шарҳлар