Ўзбекистон фуқароси икки йиллик қулликдан кейин Ватанига қайтди

Ўзбекистон фуқароси икки йиллик қулликдан кейин Ватанига қайтди

Наманган шаҳридаги кичик туманлардан бирида яшовчи Ноила Қаҳҳорова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оиласидан ажрашгач, ота-онасига қарам бўлиб ўтиришни истамади. Ўзи алоҳида яшашга қарор қилди. Бироқ, фарзандини боқиш, оёққа турғазиш учун пул керак.

Афсуски, Ноила бу борада энг жирканч йўлни танлади. Самарқандлик таниши Гул­ҳаё билан тил бириктириб, ўзи каби ҳаётда «қоқилган» қиз-аёллардан фойдаланган ҳолда пул ишлаш режасини тузди.

Тез орада «мижоз» ҳам топила қолди.

— Россияга бориб ишлаб келмасам бўлмайди чоғи.., — деди бир куни Ноилага дугонаси Раъно. — Бир-икки танишлар ишлаб келишди, ёмон бўлишгани йўқ…
Шу тобда Ноила ўз режаларини амалга ошириш фурсати келганини сезиб, қувониб ўтирарди.

— Э-э, Россияда нима бор?! Совуқ у ёқлар. Ундан кўра Дубайга бормайсанми?! Кунига 200-300 доллардан ишлаб келардинг, — деди у дугонасига синовчан тикилиб.

Бу таклифни эшитган Раънонинг энсаси қотди.

— У ерда бирор танишим бўлмаса…

— Менинг бир танишим Дубайга одам юборади. Хоҳласанг, гаплашиб кўраман…

Эртасига Ноила Раънони телефон ор­қали Гулҳаё билан таништириб қўйди. Керакли ҳужжатлар тайёр бўлиб, авиабилет олингач, Ноила унга тайинлади.

— Сени Дубайда Гулҳаёнинг ўзи кутиб олади. Айтиб қўяй, унинг этагидан маҳкам тут. Бир йил демай, камида ўн минг кўкидан ишлаб келмасанг, мен кафил!
Чиндан ҳам Раънони Гулҳаёнинг ўзи кутиб олди. Аммо негадир унинг муомаласи ўзгариб қолганди.

— Мен бу ерга келгунингизга қадар 10 минг АҚШ доллари сарфладим. Аввал шуни ишлаб берасиз. Кейинги топганларингиз ўзингизники бўлади…

У шундай дея Раънонинг фуқаролик паспортини олиб қўйди. Ўзини эса шу атрофдаги фоҳишахонага айланган хонадонлардан бирига етаклади…

Раъно пул топиш учун жирканч кўчаларнинг барчасига кириб чиқишга мажбур бўлди. Ўзича юртига қайтолмас, ҳужжатлари Гулҳаёда бўлиб, у тинмай пул топишга мажбурларди. Гарчи Раъно «қарзи»ни аллақачон узган бўлса-да, Гулҳаё уни беҳаёликнинг минг бир кўчасида саргардон этар, кўпроқ пул топишга мажбурларди…

Ниҳоят, икки йилга яқин вақтдан сўнг Раъно азоб-уқубатларларга қоришиқ ҳолда уйига қайтиб келди ва Ноила Қаҳҳорова устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этди. Бунгача у туфайли Гулҳаё билан Ноила 20 минг АҚШ доллари миқдорида пул «ишлаб» олишганди.

Ноила Жиноят кодекси 135-моддасининг тегишли бандлари ва 121-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганди. Амнистия тўғрисидаги қарор шарофати билангина у муқаррар жазодан қутулиб қолди. Унга нисбатан юритилган жиноят иши ҳаракатдан тугатилди.

Ушбу воқеани баён этишдан мақсад, гоҳида инсон ўзлигини йўқотиб, қуюшқондан чиқиб кетади. Ўз нафси йўлида ҳар қандай тубанликлардан ҳам қайтмайди. Қонунларимиз эса бунга йўл қўймайди. Зеро, ҳар бир шахс ўзини ҳам, атрофидагиларни ҳам ҳурмат қилмоғи, жамиятда умумэътироф этилган одоб-ахлоқ мезонларига амал қилмоғи шарт, дея хулоса қилади СВОЖЖДЛҚК департаментининг Наманган вилоят бошқармаси бўлим инспектори Тўрабек Нуритдинов.

Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги “Huquq” газетаси материаллари асосида
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.