Тошкентда янги айланма йўл қурилиши олиб борилмоқда
Шу кунларда “Ўзавтойўл” ДАКга қарашли автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича махсус бўлинмаларининг 1,7 мингдан ортиқ ходими пойтахтнинг Беруний кўчасидан Хуршид кўчасигача ўтадиган “Г-50” янги айланма йўли қурилишида қатнашмоқда.
Anons.uz нашри 12news.uz сайтига таянган ҳолда ёзишича, узунлиги 5,1 км ни ташкил этувчи ушбу йўл қурилишини молиялаштириш ишлари Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси томонидан амалга ошириляпти. 6 та участкага ажратилган йўл қурилишида юк кўтариш сиғими 20-25 тоннагача бўлган 36 та махсус автомашина ишламоқда. Ҳозирга қадар йўлнинг 2 км га асфальт ётқизиб бўлинди.
“Ўзавтойўл” ДАК вакили берган маълумотга кўра, янги уч полосали йўл симсиз ва энергияни тежовчи технологиялар асосида ишлайдиган замонавий ёритиш тизимига эга бўлади. Бунга параллель равишда маҳаллий бюджет, “Ўзтрансгаз” АК ва “Ўзбекэнерго” ДАКнинг ўз маблағлари ҳисобидан сув таъминоти, канализация, газ ва электр таъминоти магистрал тизимлари ҳам барпо этилади.
Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу магистрал йўлни фойдаланишга топшириш Навоий, Амир Темур ва Беруний кўчаларидаги автомобиль тирбандликлари муаммосини ҳал этишга ёрдам беради.
Шарҳлар