Жиззахлик тадбиркор кўнгилочар-ҳордиқ боғини барпо этди

Жиззахлик тадбиркор кўнгилочар-ҳордиқ боғини барпо этди

Жиззах вилоятида аҳолининг тўлақонли ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда ҳудудда капитал таъмирлаш ва реконструкция ишларидан сўнг тўққизта маданий ҳордиқ чиқариш истироҳат боғи фаолият кўрсатяпти, деб ёзади “Народное слово” нашри.

Хусусан, “Мақсуда – Назокат” хусусий корхонасининг раҳбари Суннатулло Бойхўрозов Наврўзбулоқ масканида аттракционлар, қаҳвахоналар ва савдо нуқталарига эга ҳордиқ зонасини ташкил этди.

Жиззахлик тадбиркорнинг саъй-ҳаракатлари билан бу ерда 1,2 гектар майдонда савдо павильонлари қурилди, боғ яратилди, беш мингдан зиёд мевали ва декоратив дарахтлар, арча дарахтлари, юзга яқин буталар ва бир йиллик гуллар экилди.

Кундузи бу ерда салқин, кечқурун эса атрофда чироқлар чарақлаб туради. Ҳамма жой озода, тартибли, парвариш қилинган гуллар ва майсалар кишининг кўзини қувонтиради. Болалар бу ерга арғимчоқларда учиш, музқаймоқ тановул қилиш учун шошса, катталар иш кунидан кейин ҳордиқ чиқариш учун келади.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, мамлакат банкларидан бирида 450 млн сўм кредит олганидан сўнг, унга ўзининг сармоясини ҳам қўшиб ўз орзусини амалга оширишга муваффақ бўлган.

Яқинда Наврўзбулоқда мини-футбол ва баскетбол майдончалари, тенннис корти, сузиш бассейни ва кемпинглар қурилиши бошланади. Тўрт гектар ерда мевали боғ яратиш режалаштирилиб, бу ерда томчилатиб суғориш усулидан фойдаланиш кўзда тутилган.

«Ҳозирги кунда бу ерда 20 киши доимий иш билан таъминланган. Бу бизнинг оилавий бизнесимиз. Рафиқам, ака-укаларим, ўғлимдан ташқари, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ҳам меҳнат қилмоқда. Келгусида, албатта, уларнинг сони ошади», – дейди Суннатулло Бойхўрозов.  


Фотосурат: http://www.jizzax.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.