Тошкентда Элбек кўчасидаги автомобиль йўли таъмирланди

Тошкентда Элбек кўчасидаги автомобиль йўли таъмирланди

Тошкент шаҳар Марказий кўчалардан фойдаланиш, сақлаш ва таъмирлаш бўйича ихтисослашган бошқармаси пойтахтнинг Элбек кўчасини каптал таъмирдан чиқарди. Мазкур кўчадаги автомобиль йўли жуда ёмон аҳволда бўлгани боис бир неча бор ОАВнинг танқидига учраган эди, деб ёзади 12news нашри.
 
Facebook ижтимоий тармоғидаги “Potrebitel.Uz” гуруҳининг вакиллари таъмирланган кўчанинг фотосуратларини жойлаштирган.  

Бундан олдин пойтахтнинг Ободонлаштириш бўйича Ҳамза туман бошқармаси бошлиғи Маъруфжон Маҳкамов “Тошкент” телеканалининг “Пойтахт” ахборот дастурига берган интервьюсида йил охиригача Элбек кўчаси капитал таъмирдан чиқарилиши ҳақида хабар берганди. “Ушбу кўчани капитал таъмирлаш бўйича смета тузилди. Йил охиригача таъмирлаш ишлари якунланади. Худди шундай ишлар Ҳамза туманидаги Асалобод ва Жарқўрғон кўчаларида ҳам амалга оширилади”, – дея қайд этганди Маҳкамов.

72-йўналиш бўйича ҳаракатланадиган “Mercedes-Benz” автобуси ҳайдовчиси Элбек кўчасида  “Ёшлар” телеканалига берган интервьюсида йўлларнинг ёмон аҳволда эканлиги қиймати 140 минг евро бўлган немис автобуслари тез-тез ишдан чиқишини, транспортчилар режадан ташқари таъмирлаш ишлари туфайли катта зарар кўраётгани ҳақида гапиради.  Бошқа бир ҳайдовчининг сўзларига кўра, амалдорлар ҳар йили вазиятни тўғирлашга ваъда қилса-да, Элбек кўчасидаги ушбу йўл саккиз йилдан буён таъмирсиз ётган. Унинг фикрича, бу йўлдан фақат танкда юриш мумкин бўлган.     

Фотосурат: Facebook ижтимоий тармоғидаги «Potrebitel.Uz» гуруҳи.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.