Тажриба якунига етди, аммо натижаларига ишонч йўқ

Тажриба якунига етди

Ислоҳотлар, агар улар реал бўлса, енгил ва осон амалга ошади, бироқ шу билан бирга улар ҳалол ва шаффоф бўлиши шарт. Ҳар қандай шаффофсизлик ниятларнинг софлиги бўйича саволларни келтириб чиқаради ва улар ҳақиқатдан ҳам, алоҳида соҳа учун эмас, балки фуқаролар учун яхши эканига шубҳа туғдиради.
 
Масалан, Тошкентнинг Юнусобод туманида январь ойидан июнь ойигача ўтказилган электр энергияси ва газ истеъмолининг базавий нормасини тасдиқлашга ёки рад этишга қаратилган тажрибани олайлик. Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов уни муваффақиятли деб тан олди, бироқ у келтираётган рақамлар кам маълумот беради, тажрибанинг илмий асосланганлик даражаси эса – шубҳали. 
 
Биринчидан, тажриба қайси методика ёки илмий асос бўйича ўтказилган бўлса, ўша методика ва илмий асос ҳеч қаерда чоп этилмаган, тажрибада нечта икки, уч, тўрт хонали хонадон қатнашгани, уларда яшайдиган одамлар сони ҳақида маълумотлар йўқ.
 
Иккинчидан, бу хонадонларда истиқомат қилувчи кишилар даромади бўйича қандай тақсимлангани, мамлакат бўйича аҳолининг неча фоизи ўртачадан юқори даромадга эгалиги, қанчаси эса пастлиги, яна қанчаси тахминан ўртачага тенг даромад олиши ҳақидаги маълумотлар келтирилмаган.
 
Учинчидан, нега электр энергиясининг сарфи хонадонда яшовчи ҳар бир киши учун эмас, балки хонадон учун келтирилганлиги ноаниқ.
 
Тўртинчидан, тажриба ўтказилган давр бўйича ҳеч қандай маълумотни ўз ичига олмаган. Ундан Тошкентда охирги йилларда кузатилаётган юқори аномал ҳароратга эга июль ва август ойлари тушиб қолган. Бу ойларда кондиционерларни узоқ ёқиб қўйиш ва кир машиналаридан тез-тез фойдаланиш ҳолатлари қайд этилади. Бир марта кўчага кийилган кийим дарҳол ювишни талаб қилади. Агар қиш ва баҳор ойларида ва ҳатто июнь ойида ҳам ҳафтасига бир марта кир ювиш етарли бўлганида ҳам, июль-август ойларида кир ювиш ишларининг сони, оила таркибига қараб, ҳафтасига 2-3 тагача ошади. Бунда қиш етарлича илиқ бўладими-йўқми, яъни одамлар иситиш тизимини ёқишга мажбур бўлиш-бўлмаслигини ҳам инобатга олиш керак.
 
Бешинчидан, ўртача ҳисобга қайси электр асбоблари ва бошқа кўплаб мезонлар, масалан, оила таркиби, уйлардаги қаватлар ва бошқа ҳолатлар олингани ноаниқ. Ғиштдан қурилган уйнинг иккинчи қаватида жойлашган ва деразасининг олдида катта дарахт ўсиб турган хонадон – бу бир гап, бетон уйнинг 8-қаватида жойлашган хонадан эса – бошқа гап.
 
Олтинчидан, ривожланган мамлакатларда бу борада нималар қилиниши, Германия, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Бельгия, Голландияда бу йўналишда қандай илғор тажрибалар мавжудлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
 
Масалан, Германияда  BDEW Федерал энергия ва сув таъминоти корхоналари бирлашмасининг, co2online нотижорат маслаҳат ташкилоти ва хонадонларни ижарага олувчилар иттифоқининг экспертлари 226 000 та уй хўжалигининг қиёсий таҳлилини ўтказиб, 1, 2 ва 4 кишидан иборат оилалар ҳар йили қанча электр энергиясини истеъмол қилишини аниқлаган. Бунда хонадонда якка бир ўзи яшайдиган кишининг нормаси ойига 233 квт/соатдан сал кўп бўлиб чиқди. Бу ерда ўзбекистонлик “тажрибачи”лар таклиф қилаётган 100 квт/соат кўрсаткичга қараганда, немислар кўрсатган рақамга ишонч кўпроқ бўлади, деб ўйлайман.

Кейин, нега энди бундай тажрибаларни электр энергияси ҳисобини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими тўлиқ ишлаб кетадиган пайтгача қолдирмаслик керак? У ҳақда сал аввал Anhor.uz ёзганди.
 
Худди шундай “тўсатдан” ҳайдовчиларни сертификатлаштиришдан воз кечган Автотестнинг ҳам “қилиғи”  ноаниқ бўлиб қолмоқда. Бу ерда ҳам Автотестнинг монопол ҳолатидан ташқари, ҳаққоний илмий базанинг, қарорлар қабул қилишнинг синовдан ўтган методикаси йўқлиги, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси билан солиштириш мавжуд эмаслиги туфайли саволлар юзага келганди.
 
Биринчидан, энг катта саволни сертификатлаштириш муддатлари туғдирганди: нега ҳайдовчи ўз малакасини беш ёки етти йилда бир марта эмас, балки айнан икки йилда бир марта тасдиқлаши керак? Иккинчидан, ЙТҲ сабабларининг таҳлили йўқ. ИИББ, Фейсбук ва блогерларнинг хабарларига кўра, авариялар асосан жамоат транспортининг ёмон техник ҳолати, ҳайдовчиларнинг  қаттиқ чарчаши, рулга маст ўтирган кишиларнинг масъулиятсизлиги билан боғлиқ бўлган. Бунга яна ЙТҲни масъулиятсизлик билан тезликни оширувчи ёшлар ёки вақтни тежаш ёки масофани қисқартириш учун қасддан қоидаларни бузган ҳайдовчилар содир этишини кўшимча қилиш керак.
 
ЙҲҚни билмаслик туфайли юз берадиган авариялар сони жуда кичкина фоизни ташкил қилади. Шундай экан, гап ҳайдовчининг масъулиятида, йўлда ўзаро ҳурмат бўлишида эканлиги ҳақиқатга кўпроқ яқин. Аммо ЙҲҚни билмасликда эмас. Бу кўпроқ оддий интизомсизлик ва “балки, ҳеч ким билмас” деган умид, дегандай бир гап. ЙТҲ содир бўлишида айбдор бўлган ҳайдовчиларни ЙҲҚни билиш бўйича такрор имтиҳон қилиш мантиқан тўғрироқ бўларди. Ҳа, айнан айбдорларни, иштирокчиларни эмас.
 
Зарур тайёргарликсиз, илмий асосланган базасиз, бошқа давлатларда тўпланган тажрибани батафсил ўрганмасдан туриб ўтказиладиган барча тажрибалар ва ташаббуслар, назаримда, амалдорларнинг ўзбошимчалигига ўхшаб кетади, улар учун бундай тажрибалар истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлайдиган иш эмас, балки ўз тармоқларининг кассаларига келадиган тушумларни ошириш учун бир баҳонадир. (Қанийди, мулоҳазаларим хато бўлса).
 
Тажрибалар ўтказишдан олдин унинг илмий асосланган концепциясини ишлаб чиқиш, унда манфаатдор томонларнинг, биринчи навбатда, идора кимнинг кармонига кирмоқчи бўлса, ўшаларнинг реал иштирокини таъминлаш зарур.
 
Акс ҳолда, уй бузилишлари билан нима юз берган бўлса, худди шу нарса содир бўлади – яхшироқ бўлишини истагандик, ҳар доимги воқеа юз берди.
Президент Мирзиёевнинг ислоҳотлари Ўзбекистон аҳолисининг ҳаётини ёмон эмас, балки яхши қилишга йўналтирилган, деб ўйлайман. Шу боис, ҳар бир тажрибачи ўз тажрибасини муваффақиятли ёки муваффақиятсиз деб эълон қилишдан олдин, уни ислоҳотларнинг қуйидаги асосий мақсади билан, яъни тажрибалар натижалари жорий этилганидан кейин фуқароларга яхшироқ ва енгилроқ бўладими ёки йўқми, деган фикр билан ўлчаши лозим.
 
Ҳозирча Ўзбекистонда амалдорлар тез ҳаракат қилмоқда, аммо вазифани ҳал қилмайдиган ва вазиятни яхшироқ томонга ўзгартирмайдиган натижа билан финишга етиб келмоқда.
 
Мансур Ибрагимов
 

 
 
Таҳририятнинг позицияси муаллифнинг позициясига тўғри келмаслиги мумкин

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.