Эксперт: Дарахтларни кесишга мораторийда “туйнуклар” ҳаддан ташқари кўп

Эксперт: Дарахтларни кесишга мораторийда “туйнуклар” ҳаддан ташқари кўп

Ҳукумат 2020 йил охиригача дарахтларнинг қимматли турларини кесишга мораторий жорий этди. Ушбу ҳужжат муаммони ҳал этиши ва ҳаммасига нуқта қўйиши кутилганди, аммо натижада янада кўпроқ саволлар юзага келди. Anhor.uz нашрига берган интервьюсида Landshaft.uz компаниясининг раҳбари ва ландшафт дизайнер Татьяга Югай нега экспертлар ҳамжамияти қабул қилинган фармондан қониқмаётганини гапириб берди.  
   
– 2020 йил 31 декабргача давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматли турларини кесишга мораторий жорий этилиши ҳақидаги фармонга муносабатингиз қандай?

– Биз, яъни экспертларни, жамоатчиликни эшитишгани ва, ниҳоят, мораторий эълон қилишганидан мамнунман. Бу экология ва тоза ҳаводан нафас олиш ҳуқуқи учун курашган кишиларнинг ғалабаси. Ҳужжатнинг умидларимизга унчалик жавоб бермаслиги эса бошқа гап.

Дарахтларнинг оммавий кесилиши ва омон қолган дарахтларнинг шоҳларини  ваҳшиёна кесиш аср бошидан буён амалга оширилмоқда. Бундай “ободонлаштириш ишлари” бутун мамлакат бўйлаб қулоч отди. Муаммо йил сайин кучайди, ҳар ким ўз хоҳишича шаҳарга тегишли дарахтларга хўжайинлик қилди ва бунинг учун жазосиз қолди.

Яқинда бир кишининг ғазабини қўзғайдиган воқеа содир бўлди: “Туронбанк” бино реконструкциясини амалга оширди. Бу воқеа атрофдагиларга кўринарли бўлиши учун банк раҳбарияти бино атрофида ўсаётган чинорларни кесишга қарор қилди. Яъни соғлом ва чиройли чинорлар алюкобонддан қилинган фасадни ҳаммага кўрсатиш учун йўқ қилинди. Бу жиноят учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмади. Энди тротуарнинг катта қисми жазирама қуёш остида қолган.

– Энди, яъни мораторий эълон қилинганида вазият қандай ўзгаради?

– Туб ўзгаришлар юз бермайди, деб қўрқаман. Гап шундаки, ҳужжатда жуда кўп “туйнуклар” бор, шу боис уни турлича талқин қилиш мумкин. Масалан, ўз биносининг фасадини реклама қилиш учун дарахтларни кесишдан ҳам ҳазар қилмайдиган ўша тадбиркорларнинг ўзи табиатни бемалол йўқ қилишда давом этиши ва бунда ўзларини у ёки бу дарахтлар қимматли турларга кирмаслиги билан оқлаши мумкин. Мезон жуда омонат – қимматли ва қимматли бўлмаган дарахт. Бундай чегарани ўтказиб бўлмайди. Ҳозирги вазиятда, у хоҳ баргли, хоҳ игнабаргли дарахт бўлишидан қатъи назар, ҳар бир дарахт қимматлидир. Шу боис дарахтларни кесишга тўлиқ мораторий жорий этиш зарур.  
 
Яқинда пойтахтдаги Абулла Қодирий номидаги истироҳат боғида Ўзбекистонда биринчи япон меҳмонхонаси қурилиши ҳақида янгилик пайдо бўлди. Ҳаммага маълум, қурилиш жараёнида ҳамма “ортиқча” дарахтлар кесилади ва уларни ҳеч қандай мораторий тўхтатмайди, чунки истироҳат боғи ҳудудида меҳмонхона қурилишига шаҳар ҳокимлиги даражасида розилик берилади. Бу ерда савол туғилади, наҳотки бутун Тошкентда меҳмонхона қуриш учун бошқа жой топилмади?! Шу боис жамоатчилик мораторий жорий этилиши ҳақидаги фармонга унчалик иштиёқ билан муносабатда бўлмаганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади.

Бу соҳада яна қандай муаммолар ҳал этилмасдан қолмоқда

– Бизнинг энг катта муаммоимиз – ўқимаган, касбга яроқсиз ходимлар. Уларнинг нотўғри иши туфайли кўплаб дарахтлар касалланиб, нобуд бўлмоқда. Хусусан, билимсиз ишчилар соғлом дарахтларни кесишади ёки ёши асрга тенг дарахтларнинг учларини кесиб ташлайди, бу эса уларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Бу яшил ўсимликларни кесишдан кўра ҳам жиддийроқ масала. Бироқ бу муаммо ҳеч қаерда расман акс этмаган. Дарахтларни хунук кесиш ва бурдалаш қонунчилик тартибида тўхтатилиши керак.

Шуни қайд этишни истардимки, мамлакатимизда иқлимни яхшилаш бўйича яхши ташаббуслар таклиф қилинмоқда, уларнинг амалда ёмон ишлаши эса бошқа гап. Сабаб битта – лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул бўлган кишиларнинг касбга яроқсизлиги. Биз Тошкентнинг бош агрономи Хушнуд Якубов билан ўқиб ўрганиш ва тажриба алмашиш учун маҳаллий ва хорижий мутахассислар ўртасида учрашувлар ташкил қилиш зарурлигини бир неча марта муҳокама қилганмиз. Хусусан, Россия ва Италия экспертлари Ўзбекистон кадрлари учун малака ошириш курсини ишлаб чиқишга тайёр. Аммо гап шундаки, бундай қарорлар мутлақо бошқа даражада қабул қилиниши керак. Ҳозирча бундай қарорлар қабул қилинмаган.
 
– Демак, бугунги кунда ландшафт кўкаламзорлаштириш ишлари билан асосан тасодифий одамлар шуғулланмоқда, шундайми?
 
– Қисман шундай. Буни яқинда очилган ва қурилишига катта маблағ сарфланган Tashkent City истироҳат боғидан ҳам кўриш мумкин. Шаҳар чиройли боғ яратди, аммо у нафақат самарали ва таассурот қолдирадиган, балки функционал ҳам бўлиши керак. Ҳа, бунда қиммат экин материалларидан фойдаланилди, аммо техник жиҳатдан ишлар профессионал даражада бажарилмаган.  

Масалан, йўллар майда донали фактурали брусчаткадан ётқизилган, аммо бунда гулзорлар брусчатка сатҳидан 10-15 см га кўтарилган. Биринчи жала ёмғиридаёқ гулзордаги лой йўлкаларга тушади ва хизмат кўрсатувчи ишчилар уни Karcher сиз тозалай олмайди. Агар ўсимликлар тротуар сатҳидан 10-15 см пастга экилганида эди, бундай муаммо юзага келмасди. Бундан ташқари, боғда экзотик ўсимликлар жуда кўп, улар маҳаллий иқлимга мутлақо мослашмаган. Кейин экинларнинг бир-биридан узоқлиги ҳам нотўғри олинган. Скамейкалар қўйилган кенг йўлкалар сояда бўлиши, буталар эса манзарани тўсиб қўймаслиги керак. Катта игнабаргли ўсимликлар майсазор марказидаги игнабарглилар композициясида ажойиб кўринган бўларди, қайинлар эса – букетлар гуруҳида. Аммо буларнинг ҳеч бири ҳисобга олинмаган.
 
– Ҳукумат мунтазам равишда давлат линияси бўйича минглаб дарахтлар экилгани ҳақида ҳисобот беради. Бундай акцияларга муносабатингиз қандай?
 
– Умуман олганда, бу ишлар давлат даражасида олиб борилаётгани кишини хурсанд қилади. Аммо экин материали жиддий бўлишини истардик. Муқаррар яқинлашиб келаётган экологик фожиадан бизни илдиз тизими ривожланган соғлом кўчатларни оммавий экиш қутқариши мумкин. Йирик ўлчамли дарахтларни экиш эса ундан ҳам яхшироқ бўларди. Давлатда мамлакатнинг катта шаҳарларида йирик ўлчамли дарахтларни харид қилиш ва экиш учун муайян миқдорда маблағ ажратиш имконияти бор, аммо бизда негадир кичкина ва ҳали мустаҳкам бўлмаган кўчатларни экиш анъанаси қабул қилинган, кичкина кўчатларнинг кўпчилиги кейинчалик нобуд бўлади.

Бундан ташқари, миқдор билан эмас, балки сифат билан олиш керак. Агар узоғи билан бор-йўғи 10 фоизи тутиб кетса, 100 мингта кичкина, заиф кўчатни экишдан нима фойда? Тутиб кетганлари ҳам илк барглар кубини 10-12 йилдан кейин беради. Катта, шаклланган 1 мингта дарахтни экиш анча самаралироқ ва ренбателлироқ бўларди.

– Сизнинг ёрдамингизда Тошкентда “Яшил шаҳар” кўнгиллилар ҳаракати ташкил қилинди, унинг доирасида пойтахт аҳолиси ўз маблағлари ҳисобидан дарахтлар сотиб олиб, уларни шаҳар кўчаларига экмоқда. Бузилган экологик фонни тиклаш учун қанча дарахт экиш зарур?

– Олдингига қараганда анча кўп. Охирги йилларда автомобиллар, кондиционерлар, саноат объектлари сони мамлакатда бир неча бараварга ошди. Демак, яшил ўсимликлар миқдорини ҳам ошириш керак. Маълумки, дарахтлар нафақат ҳавони тозалайди, балки зарарли газлар тарқалишига тўсқинлик қилади, шовқин даражасини бостиради, ҳароратни ва ҳавонинг қуруқлигини юмшатади. Шу боис нобуд қилинган кўкаламзорлар сонини яқин вақт ичида уч бараварга ошириш жуда муҳим.
 
Элина Рустамова 

Мавзу бўйича материаллар:

Мамлакат раҳбариятига очиқ хат

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.