Самарқанд ярим марафони: бу қандай бўлганди, шаҳарга қанча маблағ келтирди ва нимани яхшироқ қилиш мумкин эди

Самарқанд ярим марафони: бу қандай бўлганди

Самарқандда хайрия марафони ўтказилди, ундан тушган маблағлар Тошкентдаги театрлардан бирида амалга ошириладиган экспериментал лойиҳага йўналтирилади. Ушбу лойиҳа кўзи ожиз одамлар кўриши учун тифлошарҳлашдан фойдаланган ҳолда пьеса саҳналаштиришни кўзда тутади. Тифлошарҳловчи театр саҳнасида юз бераётган воқеаларни тавсифлаб туради.
 
Қанча маблағ олишга муваффақ бўлинди?


Фотосуратда: марафон иштирокчилари

Марафонда қатнашиш қиймати ўртача 11 долларни ташкил қилди (корпоратив иштирокдан ташқари), унда 23 та мамлакатдан 1100 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Демак, ташкилотчилар қарийб 12 минг доллар тўплашга муваффақ бўлган. Россияда битта тифлошарҳловчини тайёрлаш қарийб 1400 долларни ташкил қилади. Тифлошарҳловчилар учун сертификатлар беришга лицензияси бор ягона ўқув муассасаси – бу “Реакомп”. Самарқанддаги ярим марафонга тайёргарлик кўришда Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди айнан у билан ҳамкорлик қилди.
 
Эҳтимол, Фонд ярим марафонни ўтказиш учун марафоннинг ўзидан тўпланган маблағларга қараганда кўпроқ маблағ сарфлагандир. Ахир ундан олдин ҳам Тошкентда, ҳам Самарқандда маданий ва маърузалар дастури ўтказилди. Спикерлар орасида «Гараж» музейи, Beat Film Festival, «Ёрдам керак» жамғармаси вакиллари бор эди, очилиш маросимидан олдин халқаро диджейлар чиқиш қилди.  

Шаҳар учун иқтисодий самара

Ярим марафондан олдин ўтказилган матбуот анжуманида 1-3 ноябрь кунлари тасодифан танланмагани қайд этилди: ахир сайёҳлик мавсуми ниҳоясига етмоқда, демак сайёҳлар оқими пасаяди. “Биз Самарқанддаги ярим марафон анъанага айланиб қолиши учун бор кучимизни сарфлаймиз”, – деди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Агар ярим марафон иштирокчилари бутун тадбир даврига келганини тахмин қилсак, демак улар бир киши учун ўртача 30 доллар тўлаган. Anhor.uz ҳисоб-китобларига кўра, фақат 1100 та иштирокчини жойлаштиришнинг  ўзидан шаҳар 100 минг долларга яқин маблағ олган, умумий овқатланиш ва эсдалик совғаларини сотишдан тушган даромадни гапирмаса ҳам бўлади. МАК, “Ўзбекистон темир йўллари” ва хусусий киракашлар қанча ишлаб олди…
 

Барқарор тадбирлар

Ногиронлиги бор одамлар ҳуқуқлари учун фаоллар, Ўзбекистонда ногиронликнинг хайрия модели устунлик қилишини тез-тез қайд этишади. Самарқанд ярим марафони ногиронликнинг ижтимоий моделига айланди: бу ерда тактил кўргазма намойиш этилди, югуришда ногирон кишилар қатнашди, ҳатто Регистон майдони ҳам инклюзив майдонга айланди. Унда пандуслар пайдо бўлди.
 

Фотосуратда: югуриш иштрокчилари, шу жумладан кўзи ожиз спортчилар


Фотосуратда: Самарқанднинг Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасига ўрнатилган пандус
 

Бир йил олдин ушбу сатрлар муаллифи Давлат туризм қўмитасига қачон туризм объектлари, меҳмонхоналар ногиронлиги бор кишилар учун ҳам очиқ бўлиши ҳақида сўров билан мурожаат қилганди. Ўшанда Тошкент туризмни ривожлантириш бўйича ҳудудий бошқармасида бу масала билан шуғулланишларини айтишганди. Бошқарувчилар билан суҳбатда мен очиқ муҳитдан кўриладиган иқтисодий самарадорлик ҳақида гаплашишга уриндим. Ногиронлиги бор одамларга тааллуқли бўлган жаҳон бозори 1,27 млрд долларга етади, бу деярли Хитой бозорига тенг.
 
Нимани яхшироқ қилиш мумкин эди

Самарқанддаги ярим марафонда қатнаша олмаганлар учун тўғридан-тўғри трансляция олиб борилди. Аммо марафоннинг ўзидан ташқари инклюзия бўйича оммавий маърузалар ҳам қизиқарли эди. Улар ҳам бутун Ўзбекистон фойдаланувчилари учун трансляция қилинганида яхши бўларди. Ноҳукумат ташкилотлар ногиронликка эга одамлар реабилитацияси бўйича тажриба алмашишди, кишини руҳлантирувчи воқеаларни гапириб беришди: Сергей Гринь марафонда деярли кўрмасдан югургани ва нега очиқ муҳит – бу одамларни тушуниш муҳити экани ҳақида гапириб берди:

«Очиқ муҳит – бу нафақат пандуслар, чақириш тугмачалари ва ахборот лавҳалари, бу яна  одамларни англаш ва тушуниш ҳамдир. Бугун мен бироз адашиб қолдим, кўзи ожиз кишиларга аниқроқ навигация керак, Самарқандда одамлар жуда очиқ кўнгилли экан, менга ёрдам беришди. Биз очиқ муҳит ҳақида гапирганимизда – бу омил ҳисобга олинмаган ва ҳали қилинмаган кўплаб жиҳатларни тўсиб қўяди. Ҳаммасини бирдан қамраб олишнинг имкони йўқ».

Дана Опарина

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.