Одам савдосига қарши одил суд жавоби
14 ноябрь куни 23 та мамлакат олий жиноий судларининг судьялари Тошкентда ЕХҲТнинг одам савдосига қарши курашишда суд тизимининг ролига бағишланган анжуманида қатнашди.
Иштирокчилар одам савдоси билан боғлиқ жорий муаммоларни, ЕХҲТ мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш йўлларини муҳокама қилишди. Шунингдек, одам савдосига қарши самарали курашиш воситаси сифатида жиноий одил судлов тизимининг бир қисми бўлган суд тизимининг ролини мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
«Сўнгги йилларда Одам савдосининг олдини олиш ва уни бартараф этиш ҳақидаги баённома қоидаларини амалга оширишда сезиларли силжишга эришилди. Бироқ ҳанузгача ушбу жиноятлар учун жазосиз қолиш ҳолатларини тўлиқ тугатишга эришилмади», – дейди Ўзбекистон Олий суди раиси Козимжон Комилов.
«Одам савдосини таг-туги билан йўқ қилишга келишилган ўзаро ёндашувни таъминлаш мақсадида ушбу глобал хавфсизлик муаммосини ҳал этишда ҳамкорлик қилиш ҳаётий муҳим аҳамиятга эга», – дея қайд этади ЕХҲТнинг махсус вакили ва одам савдосига қарши курашиш бўйича координатор Валиант Ричи.
Шу билан бирга, мунозара иштирокчилари ушбу иллатга қарши курашишда жаҳон ҳамжамиятига қудратли кучлар қарши тургани учун одам савдоси бугунги кунда инсоният учун шармандали ҳолат бўлиб қолаётганини тан олишди.
Шарҳлар