Орденга муносиб кўрилган ҳоким қандай қилиб инвесторнинг ҳафсаласини пир қилгани ҳақида
Бирлашган Араб Амирликларининг ALPHA INTERNATIONAL CONSULTANCY DMCC компанияси раҳбари 2019 йил март ойида Амирликларда бўлган Президент Мирзиёевнинг таклифига ишониб, Ўзбекистонда инвестицион фаолиятни бошлашга қарор қилади, бироқ Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан тушунарсиз қаршиликка учрайди.
Бугунги кунга келиб, ALPHA INTERNATIONAL CONSULTANCY DMCC компанияси Agro Service Asia МЧЖ ва Agrosheriff-Asia МЧЖ билан ҳамкорликда Фарғона вилоятининг Арсиф қишлоғидаги Янгиобод маҳалласида 12,3 гектар майдонда замонавий кластерли қишлоқ хўжалик мажмуи қурилишини якунлаган. Лойиҳа қиймати 3,9 млн АҚШ долларини ташкил қилди. Шунингдек, Фарғона вилоятининг Данғара туманида 53,2 гектар майдонда ҳам қиймати 12 млн АҚШ долларлик замонавий кластерли қишлоқ хўжалик мажмуини қуриш ишлари бошланган.
Иккала лойиҳа ҳам Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватланди, Президент Фарғона водийсининг учта вилояти бўйлаб ушбу лойиҳалар кўламини кенгайтиришни топширди.
Лойиҳаларни молиялаштириш ишлари Constant Trading МЧЖ ҚК билан ҳамкорликда, унинг умумий қиймати 10,5 млрд сўм бўлган Agro Service Asia ва Agrosheriff-Asia компаниялари билан инвестицион шартномаларига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Фарғонада қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сублимациялаш бўйича инновацион агротехникавий кластерга ажратилган ишлаб чиқариш майдончасини қуриш ва экспортга мўлжалланган ҳамда импорт ўрнини босувчи тайёр жинси маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича тўқимачилик мажмуини қуриш учун ALPHA INTERNATIONAL CONSULTANCY DMCC компанияси NEW LIGHT GENERAL TRADING FZ Co компаниясидан (БАА) Constant Trading компаниясининг устав фондидаги 60% улушини харид қилди.
Тўқимачилик лойиҳасини амалга ошириш учун ALPHA INTERNATIONAL CONSULTANCY DMCC ва Constant Trading компаниялари импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган тайёр жинси шимлар ва кийимларни ишлаб чиқариш учун ипак ўраш корхонасини тикувчилик ва тўқувчилик ишлаб чиқаришига айлантириш бўйича қиймати 10 млн АҚШ долларлик инвестицион лойиҳани ишлаб чиқди.
2018 йил апрель ойида лойиҳа Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан маъқулланди ва тегишли қарор қабул қилинди. Цехларни қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда маиший хоналарни қуриш учун рухсат берувчи барча зарур ҳужжатлар олинди. Натижада, лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 июлдаги 617-сонли қароридаги инвестицион лойиҳалар рўйхатига киритилди ва бажарилиш муддати 2020 йил 1 март қилиб белгиланди.
Қўлида барча ҳужжатлари бўлгани ҳолда ALPHA INTERNATIONAL CONSULTANCY DMCC ва Constant Trading компаниялари замонавий ускуналар линиясини етказиб беришга импорт шартномаларини тузади, “Қишлоқ Қурилиш Банк” АТБдан 1,050 млн доллар миқдорида валюта кредитини жалб этади. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ юқорида тилга олинган ипак ўраш фабрикасининг ҳудуди тақиқ остида, чунки “Қишлоқ Қурилиш Банк” АТБ томонидан берилган кредит остига гаровга қўйилган.
2019 йил август ойида янги технологик ускуналар Ўзбекистонга етиб келади ва уни монтаж қилиш ишлари бошланиши керак эди. Бунинг устига режалаштирилган ишлаб чиқариш 800 кишини иш билан таъминлаши мумкин эди.
Аммо чучварани хом санашган экан. 2019 йилнинг июль ойидан бошлаб Фарғона вилоят ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасининг қарори, Constant Trading ҚКнинг ўз фабрикаси ҳудудида тўқимачилик лойиҳасига доир қисмида, амалга оширилишига ҳар томонлама тўсқинлик қила бошлади. Корхона ихтисослигини ўзгартириш учун 2018 йил апрель ойида Фарғона шаҳар ҳокимлиги қарор қабул қилган ва ишлар ана шу қарор асосида олиб борилаётган эди.
2019 йил июль ойида Фарғона шаҳар ҳокимлиги, гўёки Фарғона вилоят ҳокимининг кўрсатмасига кўра, шаҳар маъмурий судида Constant Trading ҚКга тегишли бўлган фабрикани тортиб олиш бўйича суд жараёнини ташкил қилади. Ҳолбуки ушбу фабрика ҚК томонидан 2011 йилда «Қишлоқ Қурилиш Банк» АТБ дан аукцион савдоларида қонуний асосларда сотиб олинган эди.
Иккита суд: Фарғона шаҳар Маъмурий суди ва Фарғона вилоят Маъмурий судининг апелляция инстанцияси ҳокимлик фойдасига қарор чиқаради, аммо қарорлар 2019 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ноқонуний сифатида бекор қилинади. Олий суд судьяси қарорни эълон қилиш пайтида амалдаги қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасида хусусийлаштириш якунлари қайта кўриб чиқилмаслигини қайд этди.
Бироқ, Фарғона вилоят ҳокимлиги ўз маъмурий ресурсини ишга тушириб, мамлакат Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовга, гўёки SILVER SILK COMPANY МЧЖ (2018 йил март ойигача Constant Trading ҚК шундай деб аталган – номи таъсисчининг қарорига кўра ўзгартирилган) 2015 йилдан буён фаолият кўрсатмаётган корхона экани ва шу боис маҳаллий ҳокимият органи балансига олиб қўйилиши кераклиги ҳақидаги нотўғри маълумотларни тақдим этади.
Қизиғи шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги 53-сонли баённомасига 2-иловада ҳокимлик томонидан тақдим этилган нотўғри маълумотлар туфайли корхонанинг номи (Silver Silk Company МЧЖ сиафтида), фабриканинг юридик манзили (Фарғона шаҳри, Сой МФЙ, Ал-Фарғоний кўчаси) ҳамда фабрика 2015 йилдан буён фаолият кўрсатмаётгани ҳақида нотўғри маълумотлар кўрсатилган.
Аслида Silver Silk Company ҚК икки сменада ишлаб, 2011 йилдан 2018 йил 1 январга қадар экспорт режасини ортиғи билан бажариб келган. Фарғона шаҳар ҳокимлигининг билдиргиси, ўша ҳокимиятнинг ўзи сал аввал, 2018 йил апрель ойида, худди шу фабрикани реконструкция қилишга рухсат берувчи барча ҳужжатлар тўпламини бериб, инвесторлар шартномаларни тузган ва ускуналарни олиб келган бир пайтда, яъни 2019 йил сентябрь ойида келиб тушгани қизиқ ҳолат.
Афтидан, ишлаб чиқариш учун тайёр бўлган “ёғли” жой ва бино кимгадир жуда ёққан кўринади. Акс ҳолда Фарғона ҳокимининг Silver Silk Company ҚКдан фабрикани кейинчалик сотиш учун Фарғона ҳокимлиги балансига олиб қўйиш ҳақидаги 19.09.2019 йилдаги 965-сонли қарорини қандай изоҳлаш мумкин?
Ўзбекистон Президенти жойларда ҳокимлар тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиши кераклигини мунтазам уқтириб келади. Бироқ Фарғона вилоят ҳокимлиги Ўзбекистон Президенти томонидан маъқулланган ALPHA INTERNATIONAL CONSULTANCY DMCC компаниясининг лойиҳасини амалга оширишни кўзда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарорини бажармаслик учун бор кучини сарфламоқда.
Бу орада эса, жинси буюмларни ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича ҳарид қилинган янги замонавий автоматлаштирилган ишлаб чиқариш линияси, мана тўрт ойдирки, Фарғона шаҳрида ижарага олинган қўшни омборхоналарда ўз ўрамида турибди. Иш билан таъминланиши ва давлатга солиқлар тўлай бошлаши мумкин бўлган 800 киши эса, ҳамон ишсиз.
Айни пайтда инвестор, биринчидан, фабрика тўхтаб тургани учун режалаштирилмаган зарарларни кўряпти, иккинчидан, Фарғона вилоят ҳокимлиги Constant Trading ҚКга нисбатан ер ва мулк солиқларини беш бараварга ошириш (кейинчалик яна ошириш) кўринишида молиявий санкцияларни ҳам қўлламоқда. Бу олдин экспорт режасини ортиғи билан бажариб келган ва энди хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда корхонани маҳаллий пахтадан тайёрланадиган жинси мато ва кийим-кечаклар ишлаб чиқаришига айлантиришга қарор қилган корхонанинг солиқларидир.
2019 йил 18 октябрь куни Constant Trading ҚК Фарғона шаҳар ҳокимининг 19.09.2019 йилдаги 965-сонли қарорини Фарғона шаҳри, Б.Марғилоний кўчаси-139 манзили бўйича жойлашган Constant Trading ҚК Фабрикасига тегишли қисмида қисман ноқонуний ва ҳақиқий эмас деб тан олиниши мақсадида Фарғона шаҳар маъмурий судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. 2019 йилнинг 8 ноябрига тайинланган суд жараёни 13 ноябрга кўчирилди, кейин эса яна бошқа санага.
Орденга муносиб кўрилган ҳоким томонидан бошқарилаётган Фарғона вилояти бўйича инвестицион муҳит ҳақидаги аччиқ ҳақиқат ана шундан иборат.
Румия Анварова
P.S. Ушбу воқеалар Президент томонидан икки кун муддат ичида тадбиркорларга қарата мурожаатнома қабул қилиш топширилган бир пайтда юз бермоқда. Унда ҳокимлар тадбиркорларга бундан кейин ҳеч қандай тўсиқлар қўйилмаслигини шахсан ўзлари кафолатлаши зарур.
Шарҳлар