Рамазон Ҳайити муборак!
Мана, икки кундан бери кўчаларда ўзгача шукуҳ. Атрофда чиройли кийинган, лабларида табассум ўйнаган кишиларга кўзингиз кўпроқ тушади. Қўлларида пишириқлар ва ширинликларга тўла тоғораларни кўтариб олган аёллар, келин кўришга шошаётган ёш-яланг, оппоқ яхтакларда секин гурунглашиб кетаётган кексалар…
Бутун мусулмон дунёси эзгулик, саховат ва меҳр-оқибат байрамларидан бири – Рамазон Ҳайитини нишонламоқда.
Юртдошларимиз уч кун давомида ота-оналари, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар ва беморларнинг ҳолидан хабар олади, яқинларига совға-салом улашади, оиласидаги тинчлик-осойишталик, тўкин-сочинлик ва фаровонлик учун Яратганга шукроналар келтиради. Ушбу байрам ёшларимизни саховатпешалик, меҳр-мурувват сингари халқимизнинг азалий қадриятларига ўргатади. Шу кунлари кўча ва хиёбонлар, масжидлар, муқаддас қадамжолар, қабристонларни тартибга келтириш ҳам яхши анъанага айланган.
Ҳайит байрами халқнинг ўзлигини, унинг анъаналари ва урфу-одатларини асраш шаклларидан бири десак, адашмаймиз. Унда меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мурувват, кечиримли бўлиш, низоларга чек қўйиш каби эзгу амаллар ўз аксини топган.
Мана шу амалларнинг ҳеч бўлмаганда озгина қисмини бажариш ҳаммамизнинг қўлимиздан келади. Шундай экан, эзгу ишларни ҳар куни, ҳар қадамда кўлимиздан келганича бажарган ҳолда яхшилик улашайлик.
Ҳаммамизга Рамазон Ҳайити муборак бўлсин!
Шарҳлар