3 август куни шаҳарлараро “Тошкент – Фарғона водийси шаҳарлари” такси йўналиши очилади
Пойтахтда Фарғона водийсидан Тошкентга ва Тошкентдан Фарғона водийсига юрадиган шаҳарлараро такси йўналишларининг очилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди, деб ёзади “Правда Востока” нашри.
Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вакиллари берган маълумотга кўра, ҳозир Тошкент – Андижон, Тошкент – Наманган, Тошкент – Фарғона ва Тошкент – Қўқон йўналишларини очиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Шу йилнинг 3 августидан бошлаб аҳоли янги автобекатлар хизматларидан ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.
Бу ерда ҳайдовчилар учун ҳам, йўловчилар учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Автомобиллар йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилади. Мижозларга қулай бўлиши учун маълумотлар хизмати, дам олиш хоналари, ошхона ва меҳмонхоналар ташкил этилган.
– Ҳар бир автобекат бир вақтнинг ўзида 60 та автомобилни жойлаштиришга мўлжалланган. Тўлиқ хавфсизликни таъминлаш учун ҳатто кечаси ҳам кузатув камералари ва ёритиш тизими ишлаб туради, – дейди Агентликнинг автотранспортда хавфсизликни таъминлаш бўйича бўлими бошлиғи Тоҳиржой Жамолхўжаев.
Йўналишлар очилишидан олдин енгил транспорт хизматларига бўлган эҳтиёж пухта ўрганиб чиқилди. Талабдан келиб чиққан ҳолда ҳар куни Андижонгача ва яна ортга 102 та, Намангангача ва ортга 80 та, Фарғонагача ва ортга 85 та, Қўқонгача ва ортга 90 та автомобиль йўналишга чиқарилади. Ҳар куни барча йўналишларда 840 та ҳайдовчи фаолият кўрсатади.
Шарҳлар