Рустам Азимов: Ўзбекистон Республикаси ҳеч қандай ҳолатда ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламайди
Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов Олма-Отада бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатларининг ҳукумат вакиллари учрашувида Роғун ГЭСини қуриш лойиҳасини амалга оширишнинг иложи йўқлигини асословчи қатор омилларни санаб ўтди, деб ёзади Daryo.uz нашри Anons.uz сайтига таянган ҳолда.
Молия вазири ушбу лойиҳа ҳужжатлари халқаро хавфсизлик стандартларига мос келмаслигини ва техник экспертиза шартларига риоя қилмаслигини қайд этди.
Бундан ташқари, Рустам Азимов лойиҳанинг 44 йил аввал ишлаб чиқилгани, бугунги кунгача у техник ёндашувлар ва қурилиш меъёрлари бўйича эскириб қолганини таъкидлади.
Ўз нутқида Азимов лойиҳанинг юқори хавфлилик даражасига эга эканлигини ҳам тилга олди. «ГЭС қурилиши учун тез-тез зилзила бўлиб турадиган жой танлангани консультантларнинг ҳисоботларида ҳам тасдиқланди», — деди у.
Шунингдек, учрашувда лойиҳага қарши чиқувчи бошқа қатор омилларга ҳам тўхталиб ўтилди. Ўз нутқига якун ясар экан, Рустам Азимов : «Ўзбекистон Республикаси ҳеч қандай ҳолатда ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламайди», — деди.
Шарҳлар