Ўзбекистонда ОИВ масалалари бўйича қайноқ телефон рақами ишга туширилмоқда
2014 йил 6 августдан бошлаб Ўзбекистонда ОИВ масалалари бўйича қайноқ телефон рақами ишга туширилмоқда.
Телефон линиясининг фаолияти “ОИВ, сил ва безгак тарқалишига қарши самарали курашишда миллий ҳамкорларнинг салоҳиятини янада мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистондаги БМТТДнинг техник кўмагида Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш бўйича марказ томонидан қўллаб-қувватланади. Ушбу телефон рақамига рамзий тарзда “Ҳаёт линияси” номи берилди, деб ёзади UzDaily нашри.
Ушбу телефон линиясини ташкил этиш ва ишга тушириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юқори баҳоланди. Мазкур вазирлик вакили ўзининг қутлов нутқида мамлакатда ОИВ-инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасидаги фаолиятда мазкур ташаббуснинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Ҳаёт линияси – бу аҳолининг ОИВ-инфекцияси профилактикаси, диагностикаси ва даволиниши масалаларида хабардорлигини ошириш ҳамда тегишли хизматларни кўрсатувчи муассасалар ва ташкилотлар ҳақидаги алоқа маълумотларини тақдим этиш учун яратилган Ўзбекистондаги ОИВ-инфекцияси масалалари бўйича ягона телефон хизматидир.
Ўзбекистоннинг исталган бурчагидан 230-75-29 рақамига қўнғироқ қилар экан, фуқаро ОИВ-инфекциясига доир ўзини қизиқтираётган саволга жавоб олиши мумкин. “Ҳаёт линияси” операторлари малакали ва тажрибали мутахассислар ҳисобланади.
Линия душанбадан жумагача соат 8.00 дан 20.00 гача, шанба куни эса соат 8.00 дан 17.00 гача ишлайди. Айтиш жоизки, қўнғироқ қилаётган абонентларнинг рақамлари шифрланади, телефон суҳбатлари эса аноним ва махфий бўлиб қолади. “Ҳаёт линияси” хизматлари бепул тақдим этилади.
Шарҳлар