БМТ ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Фарғона водийси ёшларининг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари ўрганилади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг ҳамкорликдаги “Фарғона водийси ёшларининг ижтимоий уйғунлиги” лойиҳаси доирасида Фарғона водийси ёшлари орасида оммавий ижтимоий сўров ўтказилади.

Маълумки, мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш, уларнинг манфаатини ҳимоя  қилиш  ва  ҳар  томонлама  қўллаб-қувватлашга қаратилган,  ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бугунги кундаги долзарб масалардан ҳисобланади. Бу борада Агентлик ва БМТ қўшма лойиҳаси  томонидан қатор чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Ҳусусан, ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий эҳтиёжларини аниқлаш, уларнинг мамлакатимизда ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кутаётган умидларини ва таклифларини ўрганиш мақсадида Фарғона водийсининг 17-30 ёшдаги ёшлари орасида оммавий онлайн ва офлайн (бевосита) сўровлар ўтказилади.  Сўров орқали қуйидаги мақсадларда тадқиқот олиб борилади:

  • ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий эҳтиёжлари ва интилишларини аниқлаш;
  • ёшларнинг ижтимоий фаровонлик даражасини баҳолаш;
  • ёшлар  орасидаги ижтимоий таранглик (ҳолат, кескинлик) даражасини баҳолаш;
  • ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга жалб этилиш даражасини баҳолаш.

Ушбу сўровда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида истиқомат қилувчи барча ёшлар иштирокини таъминлаш ва уларнинг ойдин фикрларини олиш мақсадида www.yoshlarfikri.uz веб-сайтида онлайн сўровнома жойлаштирилди. 2021 йилнинг 31 январига қадар юқоридаги манзил орқали Фарғона водийси ёшлари сўровда фаол иштирок этишлари мумкин.
 
Таъкидлаш лозимки, Фарғона водийси ёшларининг бугунги кундаги эҳтиёжларини ўрганишга қаратилган тадқиқот услубиёти (методикаси), халқаро тадқиқот институтлари томонидан муваффақиятли синовдан ўтган бўлиб, турли гуруҳларнинг ижтимоий аҳволига аниқ баҳо беришда қўлланилади.
 
Тадқиқот доирасида, маҳаллий ва халқаро экспертлар гуруҳи томонидан мамлакатимизда ёшларга оид сиёсатни амалга ошираётган давлат ва жамоатчилик институтларининг масъул ходимлари билан чуқурлаштирилган интервьюлар, ҳамда фокус-гуруҳда муҳокамалар ўтказиш режалаштирилган.
 
Тадқиқот натижасида ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий эҳтиёжларини қондириш, уларнинг бу борада салоҳиятларини ошириш, ҳамда давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокларини кенгайтириш бўйича таҳлилий ҳисобот ва амалий тавсиялар тайёрланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.