«Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси Ўзбекистонда бензин тақчиллиги йўқлигини маълум қилди
“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси ўзининг расмий мурожаатида Ўзбекистондаги автомобилга ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги бензин билан боғлиқ вазият атрофида шов-шув яратмасликка чақирди.
“… Сўнгги кунларда республикадаги айрим автомобилга ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида, шу жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам автобензин сотиб олишга навбатлар юзага келмоқда, бу эса республика аҳолисида бироз хавотир ва таажжубни келтириб чиқармоқда. Натижада, “хомашё ва тайёр маҳсулотни қайта ишлаш етишмовчилиги, бунинг оқибатида ёқилғи-мойлаш материаллари танқислиги юзага келиши ва уларнинг нархлари кўтарилиши мумкинлиги” ҳақидаги асоссиз миш-мишлар ва хабарлар пайдо бўлаётир, бу эса ҳақиқатга тўғри келмайди”, – дейилади “Ўзнефтмаҳсулот” АКнинг мурожаатида.
“ЎЗнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси республикада ЁММни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар йўқлигини масъулият билан билдиради. Мурожаатда халқаро андозалар талабларига жавоб берувчи ёқилғи-мойлаш материалларининг барча кўринишлари узлуксиз тарзда ишлаб чиқарилаётгани таъкидланади.
“Айни пайтда аҳолининг автобензинга бўлган эҳтиёжини тўлиқ ва узлуксиз таъминлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда. Шу муносабат билан, азиз юртдошлар, Сизлардан саросимага тушмасликни, шунингдек гўёки автобензин танқислиги юзага келгани ва унинг нархлари ошиб кетиши ҳақидаги турли миш-мишларга берилмасликни сўраймиз”, – дейилади мурожаатда.
Шарҳлар