Ўзбекистон ва Япония 2,05 млн долларлик битимни имзолади
Ўзбекистондаги Япония Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (JICA) Япония ҳукуматининг беғараз ёрдам дастури бўйича Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва давлат компанияларининг ходимларини ўқитиш учун 211 млн япон йенаси миқдорида ($2,05 млн дан ортиқ) грант битимини имзолади, дея хабар беради UzDaily.uz.
Ушбу грант Ўзбекистон Республикаси вакилларининг 2016-2018 йилларда Япония олий ўқув юртларида таълим олиши бўйича академик имкониятларини таъминлашга қаратилган хизматларни тақдим этишга йўналтирилган.
Қайд этиб ўтамиз, JDS лойиҳаси Япония ҳукумати томонидан малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида 1999 йилдан буён амалга оширилади. Айни пайтга қадар Япония ОЎЮнинг магистратура дастурлари бўйича 236 нафар Ўзбекистон фуқароси таълим олган.
Ҳар йили мазкур лойиҳа доирасидаги танлов асосида Ўзбекистондан 15 нафар ёш ва иқтидорли фуқаро танлаб олинади.
Шарҳлар