Тошкентда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлик стандартлари муҳокама қилинди
Пойтахтда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежментининг халқаро стандартларини жорий этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Anons.uz тарқатган хабарга кўра, Халқаро молия корпорациясининг (IFC) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан «SGS» трансмиллий компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналарининг вакиллари қатнашган.
Ўзбекистон юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасида катта салоҳиятга эга эканлиги қайд этилди.
Агробизнес стандартларини Европа ва Марказий Осиёда жорий этиш бўйича IFC дастурининг раҳбари Ольга Шчербинанинг сўзларига кўра, ушбу стандартлар хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда уларнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Уларнинг ишлаб чиқариш жараёнига жорий этилиши ва сертификатланиши озиқ-овқат маҳсулотларини Европа ва Божхона иттифоқига аъзо мамлакатларга экспорт қилишда мажбурий ҳисобланади. Бу борадаги тажриба шуни кўрсатмоқдаки, замонавий менежмент тизимларини жорий этган корхоналар ташқи бозорда кўпроқ рақобатбардошли бўлган ва муваффақиятга эришган.
Айни пайтда озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлик менежменти стандартлари озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи мамлакатдаги бир нечта компанияда жорий этилмоқда.
Шарҳлар