Таниқли ўзбек академиги Амин Бахиев вафот этди
Ботаника соҳасидаги йирик олим, биология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Амин Бахиев 77 ёшида вафот этди.
Олимнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва бошқа расмий шахслар таъзия изҳор этди. Ушбу таъзиянома матни ЎзА томонидан чоп этилди.
“А.Бахиев 1937 йили Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида деҳқон оиласида туғилди. 1961 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтини тугатиб, Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида кичик илмий ходим сифатида иш бошлади. 1969 йилда номзодлик, 1983 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.
Жонкуяр ва фидойи олим ўзининг 50 йилдан ортиқ илмий фаолияти давомида Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Ботаника боғи, Табиий фанлар бирлашган институти, Биоэкология институти директори, Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Президиуми раисининг ўринбосари каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди ҳамда ботаника соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, илм-фаннинг мазкур йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.
А.Бахиев Жанубий Оролбўйи ва Амударё дельтаси ўсимлик дунёсини ўрганиш, ушбу ҳудудда биохилма-хилликни сақлаб қолиш борасида фаоллик кўрсатди, қурғоқчил ерларда ўсадиган ўсимликларни тадқиқ этиш бўйича илмий мактабга асос солди.
Олимнинг Оролбўйи ҳудудидаги ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш ва унинг барқарор ривожланишига оид мақола ва рисолалари кенг жамоатчиликка яхши маълум. Унинг раҳбарлигида ўндан ортиқ фан номзоди ва доктори тайёрланган.
Академик А.Бахиев мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Амин Бахиевнинг хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади”, – дейилади таъзияномада.
Фотосурат: UZ24.uz
Шарҳлар