АҚШ визалар қийматини қайта кўриб чиқмоқда
АҚШ Давлат департаменти айрим консуллик хизматларининг қийматини қайта кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда департамент сайти хабар беради.
2014 йил 12 сентябрдан бошлаб иммиграция визаларининг кўпчилик тоифалари учун йиғимлар ўзгаради, иммиграцияга оид бўлмаган визалар учун йиғимлар эса асосан аввалги ҳолатида қолади.
Шу тарзда Давлат департаменти консуллик йиғимлари ҳисобидан консуллик хизматларини кўрсатишга кетадиган харажатларни иложи борича қоплашга ҳаракат қилмоқда.
«Департамент мунтазам равишда ушбу харажатлар таҳлилини ўтказади ва хизматлар қийматини акс эттириш учун заруратга қараб йиғимларни тартибга солади» – дейилади хабарда.
Хусусан, АҚШда доимий истиқомат қилувчилар учун виза йиғими ҳозирги $230 дан $325 гача ошади. АҚШда ишга жойлашиш билан боғлиқ визалар бўйича хизматлар, аксинча, $405 дан $345 гача камаяди.
Шунингдек, АҚШ фуқаролари билан турмуш қуришни режалаштираётган хорижликлар учун виза тўлови $240 дан $265 гача ошади. Инвесторлар учун визаларнинг нархи эса $270 дан $205 гача тушади.
Шарҳлар