И.А.Каримов: Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

И.А.Каримов: Юртимиз тинч

Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган  нутқида Президент Ислом Каримов мамлакатнинг низоларни ҳал этиш бўйича позицияси ҳақида яна бир бор эслатди.

“Ҳозирги кунда дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида, яқин ва узоқ атрофимизда экстремизм ва терроризм, қарама-қаршилик, қон тўкилиши, хавф-хатарлар ортиб, умуман, вазият тобора кескинлашиб бораётгани барчамизни хавотир ва ташвишга солиши табиийдир. 

Минг афсуски, бундай қонли тўқнашувлар, низо ва зиддиятлар ўз ечимини топиб, камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда. 

Бундай ўта нотинч, таҳликали шароитда энг муҳим масала – бу ҳам бўлса, қаерда, дунёнинг қайси чеккасида бўлмасин, энди бошланаётган қарама-қаршилик ва пайдо бўлаётган можароларни эътиборсиз қолдирмаслик, улар урушга айланиб кетишининг олдини олиш учун вазият доимо жаҳон ҳамжамияти назоратида бўлиши даркор”, – деди Президент. 

И.Каримовнинг сўзларига кўра, “Ўзбекистоннинг позицияси бундай ҳолатлар, кескин зиддият ва тўқнашувларни фақатгина сиёсий йўл, тинч воситалар билан ҳал этиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида муҳрлаб қўйилган асосий принципларга ва халқаро нормаларга итоат қилган ҳолда, давлатларнинг суверенитети ва чегараларнинг дахлсизлигини бузишга, зўравонлик ва куч ишлатишга йўл қўймасликдан иборатдир”.

Давлат раҳбари “мана шундай ўта мураккаб вазият барчамиздан аввало огоҳ, ҳушёр ва сезгир бўлишни талаб қилаётганини” таъкидлаган ҳолда, хушёрликка чақирди.  

Мустақиллик кунига бағишланган байрам тантаналари 31 август куни Алишер Навоий номидаги Миллий боғда ўтказилди.

Фотосурат: © ЎзА.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.