Блоггерлар ҳақидаги қонун репрессив характерга эга эмас
Ўзбекистон Ахборот технологиялари ассоциациясида кенгайтирилган мажлис бўлиб ўтди. Яқинда Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси томонидан тасдиқланган “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга ўзгаришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокамаси мажлиснинг асосий мавзуларидан бирига айланди. Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун блоггерлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиришга йўналитирилган.
Мажлис қатнашчиларининг фикрича, қонун “репрессив” характерга эга эмас, унинг қабул қилиниши интернет тармоғи фойдаланувчиларига нисбатан янги санкциялар жорий этилишини кўзда тутмайди. Қонун блоггерларга қўйиладиган мажбуриятлар рўйхатини аниқ шакллантирган ҳолда, уларнинг фаолиятини сезиларли даражада соддалаштиради, бу эса, ўз навбатида, интернетда оммавий ахборотни тарқатишга қўйиладиган талабларнинг турлича талқин қилинишига йўл қўймайди, деб ёзади ictnews.uz.
Шунингдек иштирокчиларнинг қайд этишича, қонун номақбул сайтларнинг бирор-бир “қора” рўйхатини тузишни кўзда тутмайди ва оммавий ахборотни тарқатувчи фойдаланувчилар ва шахслардан бирор-бир ариза ёзиш, рўйхатга туриш ҳаракатларини талаб этмайди. Ушбу меъёрий ҳужжат Ўзнетни янада ривожлантириш учун шароитлар яратиш ва уни долзарб маълумотлар билан тўлдиришга қаратилган.
Шарҳлар