Кўп қаватли уйларга келган баломи ёки замонавий техника?

Кўп қаватли уйларга келган баломи ёки замонавий техника?

1 сентябрь куни Тошкент марказидаги кўп қаватли бинолардан бирида 12 ёшли ўсмир бола билан юз берган фожиа – кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиши керак бўлган техник хизматларнинг масъулиятсизлигига яққол мисолдир.

Фожиа юз берган уйда истиқомат қилувчи фуқароларнинг сўзларига кўра, улар коммунал хизмат ходимларига лифт носозлиги бўйича бир неча бор мурожаат қилган, бироқ ҳеч ким кунига бир неча марта бузилиб турадиган лифтни капитал таъмирлашга шошмаган. Ҳаммаси ҳар сафар тўхтаб қолган лифтни бир амаллаб ишга тушириб юбориш билан якунланарди. Тергов-ку айбдорни аниқлайди, лекин энди болани ҳаётга қайтаришнинг иложи йўқ.
 
Яхши ишламайдиган ва ҳафталаб туриб қоладиган лифтлар Тошкентдаги кўп қаватли тураржойлар учун балога айланган. Агар муассасалар ва офислар жойлашган кўп қаватли бинода лифтларни мунтазам назорат қилиш йўлга қўйилган бўлса, кўп қаватли тураржойларда ҳаммаси ХУЖМШ раҳбарларининг ишига боғлиқ.  

Лифт мураккаб техник механизмлар сирасига киради ва у юзаки ёндашувни, масъулиятсизликни кечирмайди.

Лифтдаги авария хизматини шошилинч чақириш тугмачаси ишламай қоладиган вазиятлар Тошкентдаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг кўпчилигига яхши таниш. Лифт тўхтаб қолганида, ёрдам сўраб эшик қоқишга, дўстлар ва қўшниларга қўнғироқ қилишга тўғри келади.

Баъзида ёрдамни соатлаб кутасиз, айниқса, дам олиш кунлари. Лифтда бола ёки юраги касал одам, гипертоник ёки кекса киши қамалиб қолмаса-ку, яхши.

Мавжуд нормативлар бўйича лифтлар 25 йил хизмат қилганидан кейин махсус комиссия тузилиши ва у лифтларнинг экспертизасини ўтказиб, ундан яна фойдаланиш мумкинми ёки йўқми ёки уларни алмаштириш кераклиги борасида хулоса бериши лозим.  Бугунги кунда пойтахтдаги уй-жой жамғармасининг лифт хўжалигида 1435 та кўп қаватли уйга ўрнатилган 4750 та лифт мавжуд.

2010-2014 йилларда Тошкентдаги кўп қаватли тураржойларда 785 та лифтни алмаштириш режалаштирилган, яна 1753 таси таъмирни талаб қилади. Бу 2010-2011 йилларда республика шаҳарларидаги ва 2010-2014 йилларда Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларнинг лифтларини янгилаш ва таъмирлаш Давлат дастурида кўзда тутилган.  

2010-2013 йилларда пойтахтда 607 да кўзда тутилган лифтдан 193 таси ўрнатилди, яъни дастурда белгиланган рақамга етиб олгунча ҳали анча иш бор.
Шу ўринда Уй-жой кодекси ва “Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ лифтлар кўп қаватли тураржойларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг умумий мулки эканини таъкидлаш жоиз. Уларни соз техник ҳолатда сақлаш, фойдаланиш, алмаштириш ва таъмирлаш ишлари билан ХУЖМШ шуғулланиши керак.

Сўз одамларнинг хавфсизлиги ҳақида бораётган экан, лифтларга профессионал бўлмаган кишилар томонидан хизмат кўрсатилиши қатъий тақиқланган.  Уларга фақат махсус лицензияга эга ташкилотларгина хизмат кўрсатиши мумкин. Тошкентда шартнома орқали лифтларга хизмат кўрсатиш бўйича профессионал ташкилотлар етарли.

Anhor.uz таҳририяти носоз лифтларга эга уйларни бошқарувчи ХУЖМШлар ва уларнинг фаолиятини мунтазам равишда бериб боришга қарор қилди.

Ҳурматли фойдаланувчилар!
 
Anhor.uz таҳририяти сизларга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Тошкент – улкан шаҳар, унда юзлаб кўп қаватли уйлар ва минглаб лифтлар мавжуд. Сизлар, яъни шундай уйларда истиқомат қиладиган ва ҳар куни лифтдан фойдаланадиган фуқароларгина ўз лифтларингизнинг ҳолатини яхши биласизлар. Носозликлар ҳақида  Anhor.uz таҳририятига маълум қилинг. Фотосуратлар илова қилинган, манзил, подъезд ҳамда ХУЖМШ номи ва раҳбарининг телефон рақами кўрсатилган хатларни “Лифт” сўзи билан [email protected] манзилига юборинг.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.