Янги қонун бўйича блогерларга нималар тақиқланган?
Шу йилнинг 28 август куни “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ “блогер” тушунчасига тавсиф берилди ва “ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш” тартибга солинди.
Энди қонунга кўра «блогер — Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс» ҳисобланади.
Шунингдек, қонунда “Ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш” ҳақидаги 12-1 модда билан ҳам тўлдирилди. Унга кўра:
Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан:
– Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
– уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
– давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;
– миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
– гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
– порнографияни тарғиб қилиш;
– қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт.
Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган мажбуриятлар веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер томонидан бажарилмаган тақдирда мазкур веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган талабларни бузганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади».
Шу билан бирга, олдин қайд этганимиздай, қонун номақбул сайтларнинг бирор-бир “қора” рўйхатини тузишни кўзда тутмайди ва оммавий ахборотни тарқатувчи фойдаланувчилар ва шахслардан бирор-бир ариза ёзиш, рўйхатга туриш ҳаракатларини талаб этмайди.
Шарҳлар