Сайловлар жараёнига аралашган амалдорлар жавобгарликка тортилади

Сайловлар жараёнига аралашган амалдорлар жавобгарликка тортилади

Ўзбекистонда сайловлар ва референдумни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу қўшимчаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, худди шунингдек уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш, — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўз навбатида, номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юқоридаги ўзгаришларни киритиш тўғрисида қонун Ўзбекистон Президенти И.Каримов томонидан 4 сентябрь куни имзоланди ва кучга кирди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.