Жаҳон банки пул ўтказмаларини электрон кўринишда беришни таклиф этмоқда
Жаҳон банки ҳукуматларни электрон молиявий хизматларни кенгроқ жорий этишга чақирувчи Гейтслар фонди ва “Нақд пулдан яхшироқ” Альянси тадқиқотига асосланган “Электрон тўловлар иқтисодий ўсиш учун ҳаётий зарур” маърузасини тайёрлади.
Тадқиқотда қайд этилишича, электрон тўловлар тизимини жорий этиш бозор иқтисодиёти шаклланаётган мамлакатларга пул ўтказмаларининг шаффофлигини ва уларни кузатиш, иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим вазифаларини ҳал этиш имконини беради.
Маърузадаги хулосага кўра, пул маблағларини ўтказиш учун нақд пул ўрнига электрон тўловлар тизимини жорий этиш бозор иқтисодиёти шаклланаётган мамлакатлардаги кам таъминланган аҳоли қатламларига катта афзалликларни тақдим этади ҳамда молия соҳасининг ривожланишига кўмаклашади.
Шу муносабат билан Жаҳон банкининг тадқиқотлар бўйича гуруҳи электрон тўловларни жорий этиш бўйича қатор тадбирларни ўтказишни таклиф қилмоқда. Бунда у қуйидаги бандга алоҳида эътибор қаратган:
– Пул маблағларини жўнатувчилар ва олувчиларга электрон тўловлар хизматларини тақдим этишда пул ўтказмалари билан шуғулланувчи фирмаларнинг муҳим ролини тан олиш. Хусусан, пул ўтказмаларини нақд қилиб бериш ўрнига, уларни банк ҳисобрақамига, “электрон кармон”га ёки смарт-картага ўтказиш таклиф этилади.
Шу муносабат билан ушбу тавсияни Ўзбекистонда қўллаш муайян хавотирни келтириб чиқаради, деб айтмасликнинг иложи йўқ. Ўзбекистонликлар пластик карталаридан ҳам миллий, ҳам хорижий валютадаги маблағларини нақд қилиб олишдаги қийинчиликлар ҳаммага маълум. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон банкининг мазкур тавсияси мамлакатда жорий этиладиган бўлса, бу фуқароларимиз учун янги “бош оғриғи”га айланиб, пул ўтказмалари соҳасининг ҳам “қора бозор”га айланиб кетишига сабабчи бўлмасмикин?
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистон Марказий банки “Ҳозирги пайтда ва бундан кейин ҳам жисмоний шахсларнинг халқаро пул ўтказмалари бирор-бир чекловларсиз амалга оширилиши, фуқароларга пул маблағлари қайси валютада юборилган бўлса, ўша валютада берилиши”ни билдирган эди.
Шарҳлар